Путин тез орада Шимолий Корея ва Вьетнамга боради
Олам
−
10 Июнь
8306Россия Президенти Владимир Путин келаси ҳафталарда Шимолий Корея ва Вьетнамга кетма-кет ташриф буюради. Бу ҳақда дипломатик манбага таяниб, “Ведомости” хабар берди.
Нашр суҳбатдошининг айтишича, Президентнинг Вьетнамга ташрифи июнь ойида ва, эҳтимол, КХДРга ташрифидан сўнг дарҳол амалга ошиши мумкин. Россиянинг Шимолий Кореядаги элчиси Александр Мацегора Россия Президентининг Пхеньянга ташрифи бўлиб ўтишини тасдиқлади ва у ҳозир “фаол тайёргарлик кўрмоқда”.
26 март куни "Vyetnamnet" интернет газетаси Вьетнам ҳукмрон Коммунистик партияси Марказий қўмитаси бош котиби Нгуен Пху Тронг Путин билан телефон орқали суҳбатда уни Вьетнамга расмий ташриф билан таклиф қилгани ва шу пайтгача у таклифни қабул қилганини ёзган эди. 30 май куни Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко Путиннинг Шимолий Корея ва Вьетнамга ташрифига тайёргарлик илғор босқичда эканини айтди.
6 июнь куни Россия Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков журналист Павел Зарубинга берган интервьюсида Путин 3-4 июль кунлари Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этишини ва бошқа ташрифлар ҳақида гапиришга ҳали эрта эканлигини айтди.
Маълумот учун, Путин Шимолий Кореяга аввал бир марта ташриф буюрган – бу унинг биринчи муддатининг бошида, 2000 йилнинг 19-20 июль кунлари бўлган, ўшанда у КХДРнинг аввалги раҳбари Ким Чен Ир билан учрашган. Шимолий Кореянинг амалдаги раҳбари Ким Чен Ин охирги марта 2023 йилнинг 12-17 сентябрь кунлари расмий ташриф билан Россияга ташриф буюрган, у Путин билан “Восточний” космодромида учрашган.
Путин президентлик даврида Вьетнамга тўрт марта ташриф буюрди, охирги марта 2017 йилнинг ноябрида APEC саммитига ишчи ташриф билан бўлган. У ерда АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Дональд Трамп билан учрашди, шунингдек, Япониянинг ўша пайтдаги бош вазири Синдзо Абэ ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан ҳам музокаралар ўтказди. Путиннинг Вьетнамга сўнгги расмий ташрифи 2013 йилнинг ноябрида бўлган эди.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, Путиннинг хорижий ташрифлари Кремлда хорижий ҳамкорлар билан келишилганидан кейин эълон қилинади.
“Вақти келса, тегишли хабарларни берамиз”, дейди Президент матбуот котиби.
Эслатиб ўтамиз, Путин қайта сайланганидан кейин биринчи хорижий ташрифини Хитойга, ундан сўнг эса Беларусь ва Ўзбекистонга қилган эди.
LiveБарчаси