Путин собиқ маҳбусларни аэропортда шахсан кутиб олди (видео)

Олам

image

Бугун, 2 августга ўтар кечаси Россия Президенти Владимир Путин Москванинг Внуково аэропортида Ғарб давлатлари билан маҳбуслар алмашинуви доирасида ватанига қайтган россияликларни шахсан кутиб олди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.

“Интерфакс” агентлиги хабарига кўра, учиш-қўниш йўлагида россияликларни Президент полкининг ҳарбий хизматчилари ҳам кутиб олган. Бундан ташқари, Федерал хавфсизлик хизмати раҳбари Александр Бортников, Ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин ва Мудофаа вазири Андрей Белоусов Внуковога етиб келди.

Ҳарбий хизматга алоқадор собиқ маҳбусларга мурожаат қилиб, Путин уларга “қасамёд ва бурчларига содиқликлари учун” миннатдорлик билдирди.

“Ҳаммангиз давлат мукофотларига номзод бўласиз, биз сизлар билан яна учрашамиз ва келажагингиз ҳақида гаплашамиз”, деган  Владимир Путин.

Россия Федерацияси ФХХ хабарига кўра, алмашинув натижасида НАТОнинг бир қатор давлатларида қамоққа олинган саккиз нафар россиялик ўз ватанларига қайтарилган. Анқарадан Внуковога етиб келган “Россия” авиакомпанияси самолёти бортида ҳам вояга етмаган болалар бўлган.

Маҳбуслар алмашинувида ким иштирок этган?

“Интерфакс” агентлиги маҳбуслар алмашинуви доирасида ўз ватанларига қайтган россияликларнинг исмларини айтиб ўтди. 

  • 2019 йилда Берлиндаги Тиергартен боғида чеченистонлик собиқ дала қўмондони Зелимхон Ханқошвилини ўлдирганликда айбланиб, Германияда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ФХХ ходими Вадим Красиков;
  • АҚШда компьютерни бузиш ва фирибгарликда айбланиб 9 йилга қамалган Владислав Клюшин; 
  • Словенияда жосусликда айбланиб 1 йил 7 ойга қамалган Артем ва Анна Дульцевлар; 
  • Польшада Россия фойдасига жосусликда айбланган Павел Рубцов; 
  • Норвегияда Россия фойдасига жосусликда айбланган Михаил Микушин; 
  • Қўшма Штатларда киберфирибгарликда айбланиб, 27 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган Роман Селезнев;
  • АҚШда Россия ҳарбий-саноат комплекси учун технология ва Америка ўқ-дориларини контрабанда қилишда айбланган Вадим Коношенок.

Ўз навбатида, рус тилидаги оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Россия алмашинув пайтида Ғарб давлатларига қуйидаги шахсларни экстрадиция қилган: сиёсатчилар Владимир Кара-Мурза ва Илья Яшин, ҳуқуқ ҳимоячиси Олег Орлов, жамоат арбоби Андрей Пивоваров, рассом Саша Скочиленко, мухолифатчи Алексей Навалнийнинг шериклари Лилия Чанйшева, Ксения Фадеева ва Вадим Останин, Германия фуқароси Кевин Лик, сиёсатшунос Дитер Воронин ишига алоқадор шахс, Россия ва Германия фуқаролигига эга бўлган журналист Иван Сафронов, Германия ва Россия Федерацияси фуқароси Герман Мойжес, АҚШ фуқаролари Пол Уилан, Эван Гершкович, Алсоу Курмашева, Россия Федерациясида марихуана қўшилган чайналган мармеладни мамлакатга олиб киргани учун 7 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Германия фуқароси Патрик Шёбель, Беларусь ҳукумати томонидан ўлим жазосига ҳукм қилинган Германия фуқароси Рико Кригер.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ 7 та давлатдан 26 маҳбусни алмашиш бўйича операцияга Туркия Миллий разведка ташкилоти воситачилик қилгани хабар қилинганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Владимир Путин маҳбус

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made