Путин ШҲТга аъзо давлатларга миннатдорлик билдирди
Олам
−
04 Июль 2023
7985Бугун, 4 июль куни Россия Президенти Владимир Путин Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитида видеоалоқа орқали қатнашиб, ташкилотга аъзо мамлакатларга “Вагнер” исёни пайтида уни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.
“Россия ташқи босим, санкциялар ва провокацияларга ишонч билан қаршилик кўрсатмоқда. Ҳозирги вазиятда мамлакатимиз барқарор ривожланишда давом этмоқда. Рус халқи ҳар қачонгидан ҳам мустаҳкамланди, Россия сиёсий доираларининг, бутун жамиятнинг бирдамлиги ва юксак масъулияти қуролли қўзғолонга уринишларга қарши бирлашган фронт бўлиб чиқиш орқали яққол намоён бўлди. Фурсатдан фойдаланиб, Россия раҳбариятининг конституциявий тузуми, фуқаролар ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш борасидаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирган ШҲТ давлатларидан келган ҳамкасбларимга миннатдорлик билдирмоқчиман. Биз буни юксак қадрлаймиз”, деган Путин.
Шунингдек, Путин Украинада олиб бораётган урушдан ҳам гап очган. Унинг таъкидлашича, узоқ вақт давомида қўшни Украинадан “анти-Россия” давлати яратилган.
“Саккиз йил давомида у қурол билан тўлдирилди, улар Донбасснинг тинч аҳолисига қарши тажовузни маъқуллади ва “неонацист”лар мафкурасини ўрнатишда ҳар қандай йўл билан қатнашди. Буларнинг барчаси Россия хавфсизлигига раҳна солиб, мамлакатимиз тараққиётини тўхтатиб қўйиш учун қилинди”, деган Россия раҳбари.
Шу билан бирга Владимир Путин ШҲТ халқаро ҳуқуқ ва суверен давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳурматга асосланган ҳамкорлик тамойилларига асосланган “адолатли дунё тартибини” шакллантириш тарафдори эканини айтган.
Маълумот учун, саммитга Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди раислик қилмоқда. Учрашувда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда. Бундан ташқари, йиғилишда Беларусь фуқароси Александр Лукашенко, Эрон Президенти Иброҳим Раисий ва Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух ШҲТда кузатувчи сифатида, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов эса раислик қилувчи томон меҳмони сифатида таклиф этилган.