Путин Садир Жапаровни оғзидан бол томиб мақтади
Олам
−
12 Октябрь 2023
9970Россия президенти Владимир Путин Россия Қирғизистон билан муносабатларни конструктив ривожлантириш тарафдори, деб ишонтирди.
Путин Қирғизистон Президенти Садир Жапаровга “Шон-шараф” орденини топширар экан, қирғизистонлик мавқедошининг Москва ва Бишкек ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратаётганини эътироф этган.
“Сиз бир хил конструктив ва манфаатдор позицияга, Россия томонининг бир хил манфаатдор ёндашувига ишонишингиз мумкин”, дейди Путин.
Россия раҳбари Жапаровнинг фаолияти Россия ва Қирғизистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини ривожлантиришга қаратилганини, у доимо тенглик, ўзаро ҳурмат ва ҳар икки томон манфаатларини ҳисобга олиш тамойиллари асосида қурилган Россия-Қирғизистон муносабатларини мустаҳкамлаш тарафдори эканини билдирди.
“Сиёсат, иқтисод, фан, таълим ва маданият соҳаларида Россия-Қирғизистон муносабатларини ривожлантиришдаги кўплаб муҳим ютуқларга кўп жиҳатдан сизнинг фаол позициянгиз ва натижаларга эришишда шахсий манфаатдор иштирокингиз сабаб бўлди, десам муболаға бўлмайди”, дейди Путин Жапаровга юзланиб.
Россия давлати раҳбари уни мукофот билан табриклар экан, Қирғизистон Президентига давлат фаолиятида келгусида муваффақиятлар тилади.
“Биз сизни Евроосиё маконида интеграция жараёнларини изчил ривожлантириш, умумий минтақамизда шериклик, ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлашнинг ишончли тарафдори сифатида ҳам биламиз”, дейди Россия Президенти қирғизистонлик мавқедоши фаолияти ҳақида гапирар экан.
Эслатиб ўтамиз, Россия Президенти Владимир Путин бугун, 12 октябрь куни Бишкекка ташрифи баҳонасида Қирғизистон Президенти Садир Жапаровни "Шон-шараф" ордени билан мукофотлади.
LiveБарчаси