Путин Рамзан Қодировнинг арзандасини табриклади

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг 17 ёшли ўғли Адам Қодировнинг тўйи муносабати билан табриклади. Бу ҳақда Рамзан Қодиров ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди. 

Чеченистон раҳбари Путиннинг табригини бутун оила вакиллари билан самимий қарши олгани ва бу учун Россия Президентидан миннатдор эканини билдирган. 

“Бутун оиламиз номидан Чеченистон Республикасининг биринчи президенти, Россия Қаҳрамони Аҳмад-Хожи Қодировнинг невараси Адам Қодировни оила қуриши муносабати билан шахсан табриклаганингиз учун сизга чуқур миннатдорлигимизни билдирмоқчиман.

Сизнинг азиз отамиз хотирасига бўлган эҳтиромингиз, оиламизга бўлган ҳурматингиз мен учун жуда қадрлидир. Сиз доимо Аҳмад-Хожини дўстингиз деб атагансиз ва бугунги кунгача унинг энг садоқатли дўстисиз”, дея ёзган Қодиров. 

Унинг қўшимча қилишича, Владимир Путиннинг самимий тилаклари ва илиқ сўзлари нафақат келин-куёв, балки бутун чечен халқига йўлланган. Қодиров буни ҳеч қачон унутилмайдиган эътибор деб атаган.

Расмий Кремль эса ҳозирча бу табрик ҳақида баёнот бермаган.

Адам Қодировнинг тўйи қачон бўлаётгани ҳақида ҳам аниқ маълумотлар келтирилмаган. Адамнинг опаси Айшат Қодирова фақатгина тўй маросими Қодировлар оиласининг туғилган қишлоғи – Аҳмат-Юртда бўлиб ўтишини ёзган. 

Маълумот учун, жорий йилнинг февраль ойи охирида ҳали вояга етмаган Адам Қодировга Араб арбитраж суди аъзоси гувоҳномаси умрбод муддатга берилган. Ушбу суд Араб давлатлари лигаси ҳузуридаги орган бўлиб, тижорий ва иқтисодий низоларни, шу жумладан, давлатлараро низоларни ҳал этиш билан шуғулланади. Шунингдек, Адам Қодировга “Ливия фахрий меҳмони” медали топширилган. Бу мукофот Чеченистон делегациясининг Мисрга ташрифи чоғида берилган.

2024 йилнинг октябрь ойида Адам Қодиров Россия рекордлар китобига киритилиб, Россия ҳудуди раҳбарининг энг ёш хавфсизлик хизмати бошлиғи сифатида қайд этилган. Ўшанда у 16 ёшда эди. У отасининг хавфсизлигини таъминлаш бўлими раҳбари лавозимига 2023 йилнинг охирида, 15 ёшида тайинланган. 2023 йилнинг апрелида эса Владимир Путин номидаги Россия махсус кучлар университетининг куратори бўлган.

2023 йилда Адам Қодиров Чеченистонда ташкил этилган ва Байсангур Биноевский номи билан аталувчи Россия Мудофаа вазирлигининг махсус батальони куратори лавозимига тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг 17 ёшли ўғли Адам Қодиров Ички ишлар вазирлигининг минтақавий бошқармаси куратори этиб тайинланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Рамзан Қодиров Адам Қодиров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг