Путин Рамзан Қодировнинг 24 ёшли қизини орден билан тақдирлади
Олам
−
05 Сентябрь 2023
4969Россия Президенти Владимир Путин Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг қизи Ойшат Қодировани II даражали “Ватан олдидаги хизматлари учун” ордени билан тақдирлади. Тегишли фармон ҳуқуқий ахборотнинг расмий интернет порталида эълон қилинди.
Ҳужжатга кўра, 24 ёшли Қодирова миллий маданият ва санъатни ривожлантиришдаги хизматлари, кўп йиллик самарали ижодий фаолияти учун тақдирланган.
Ойшат Қодирова 2021 йил октябридан буён Чеченистон Маданият вазири лавозимида ишлаб келаётган эди. Бунгача у бир йил Чеченистон Маданият вазирлиги раҳбарининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган.
Давлат хизматидан олдин республика раҳбарининг қизи Фирдавс ислом модалар уйини уч йил бошқарган.
Шу вақт ичида у "Чеченистон Республикаси олдидаги хизматлари учун", "Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилгани учун" медаллари, Чеченистонда хизмат кўрсатган маданият ходими унвони ва Қодиров ордени – республиканинг олий мукофотини олган.
Рамзан Қодиров ва унинг оиласи мунтазам равишда мукофотланади. Масалан, 2023 йил июнь ойида Чеченистон раҳбарининг 20 ёшли қизи Хутмат Қодирова республикада “Тиббиёт ривожига қўшган улкан ҳиссаси” учун Қодиров ордени билан тақдирланган эди.
Хутмат Қодирова мукофотдан бир неча ой олдин Чеченистон соғлиқни сақлаш соҳаси куратори лавозимига тайинланган эди.
Бундан ташқари, Россия Президенти Владимир Путин Рамзан Қодировнинг онасини “Шон-шараф” ордени билан тақдирлаганди.