Путин Қодировнинг онасини орден билан тақдирлади (видео)
Олам
−
02 Август 2023
9636Россия Президенти Владимир Путин Рамзан Қодировнинг онасини “Шон-шараф” ордени билан тақдирлади. Бу ҳақда РБК нашри хабар берди.
Келтирилишича, бугун, 2 август куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда давлат мукофотлари ва фахрий унвонларни топшириш маросимини ўтказган.
Маълум қилинишича, мукофотлаш тўғрисидаги фармон ўтган йили имзоланган. Аймани Қодирова фаол ижтимоий фаолияти учун давлат мукофотига сазовор бўлган.
“Мен Владимир Путиндан онамнинг хайрия фаолиятини юқори баҳолагани учун миннатдорман ва буни қадрлайман”, дея изоҳ берган Рамзан Қодиров.
Шунингдек, мукофотланганлар орасида Украинадаги махсус ҳарбий операция иштирокчилари, “Адолатли Россия партияси” раҳбари Сергей Миронов (“Ватан олдидаги хизматлари учун”, II даражали), рассом Владимир Винокур (“Ватан олдидаги хизматлари учун”, I даражали) лар ҳам бор.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июль ойи бошида Россия Президенти Владимир Путин Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг жияни Ҳамзат Қодировни II даражали “Ватан олдидаги хизматлари учун” ордени билан мукофотлаганди. Шунингдек, бундан олдинроқ Путин Рамзан Қодировнинг рафиқаси Меднини ҳам мукофотлаган. Унга “Қаҳрамон она” давлат мукофотини Путиннинг шахсан ўзи топширган. Чеченистон раҳбарининг айтишича, у рафиқаси билан 14 фарзандни тарбияламоқда, улардан икки нафари асраб олинган. Қодировнинг сўзларига кўра, унинг катта ўғиллари Украина билан урушда қатнашган. Шунингдек, “Проект” нашрига кўра, Чеченистон раҳбарининг яширин иккинчи хотини Фотима Хазуева ҳам бор.