Путин Мўғулистонда ХЖС ордери остида ҳибсга олинишидан қўрқмайди – Кремль

Олам

image

Кремль Россия Президенти Владимир Путиннинг Халқаро жиноий суд юрисдикциясини тан олган Мўғулистонга сафаридан хавотирда эмас. Бу ҳақда бугун, 30 август куни Кремлда Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларнинг бўлажак сафардан хавотирлари борми, деган саволига жавобан маълум қилди.

"Йўқ, ташвишланманг", деган Песков.

Унинг сўзларига кўра, Кремль “Мўғулистондан келган дўстлари билан ажойиб мулоқотга эга”.

Мўғулистон расмийлари билан ХЖС томонидан берилган ордер бўйича музокаралар олиб борилганми, деган саволга Песков шундай жавоб берди:

“Албатта, ташрифнинг барча жиҳатлари пухталик билан тайёрланган”.

"Bloomberg"нинг икки манбаси Мўғулистон Путинни Халқаро жиноий суд буйруғи билан ҳибсга олинмаслигига ишонтирганини айтган.

Кеча, 29 август куни Кремль Владимир Путиннинг Мўғулистонга бўлажак ташрифини эълон қилди. У 3 сентябрь куни мамлакат Президенти Ухнаагиин Хурелсухнинг таклифига биноан Халхин-Гол дарёсида совет ва мўғул қўшинларининг Япония қуролли кучлари устидан қозонган қўшма ғалабасининг 85 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этиш учун 3 сентябрь куни Мўғулистонга ташриф буюради.

Бу Путиннинг 2023 йил март ойида суд Россия Президентини ҳибсга олиш учун ордер берганидан бери Халқаро жиноий суднинг Рим статутини имзолаган мамлакатга илк ташрифи бўлади. Мўғулистон 2000 йилда Рим статутини имзолаган ва 2002 йилда уни ратификация қилган. Расмий равишда ХЖСга аъзо давлатлар ордерни бажариши ва Путинни ҳибсга олиши шарт.

Шу билан бирга, Мўғулистон денгизга чиқиш имконига эга эмас ва фақат Россия ва Хитой билан чегарадош, бу Путинни ҳибсга олиш ва экстрадиция қилиш ҳақидаги фаразий ҳолатда Гаагага етказиш жараёнини мураккаблаштиради.

Маълумот учун, суд Путинни ҳарбий жиноятларда, хусусан, Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга мажбуран депортация қилишда гумон қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Мўғулистон Халқаро жиноий суд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made