Путин март ойигача Донбассни тўлиқ босиб олади – Украина разведкаси

Олам

image

Украина шарқидаги жанглар келаси бир неча ой ичида юқори даражада фаоллашади. Ҳаракатлар кўламининг кенгайиши натижасида эса рус армияси март ойигача Донбассдан украина ҳарбий бўлинмаларини тўлиқ сиқиб чиқариши мумкин. Бу ҳақда бугун, 3 февраль куни Украина Мудофаа вазирлигининг разведка бошқармаси вакили Андрей Юсов маълум қилди.

“Биз февраль-март ойларида жуда фаол ҳаракатлар бўлишини тахмин қиляпмиз. Путиннинг айни дамдаги мақсади Донбассни мартгача қўлга киритишдир. Рус қўшинларининг ҳолати бунга имкон беради”, деб ёзади Андрей Юсов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Украина Мудофаа вазирлиги разведка бошқармасининг бошқа бир вакили Андрей Черняк ҳам аввалроқ Россия мамлакатнинг шарқий ҳудудларини тўла эгаллашга қаратилган катта ҳужумга тайёрланаётгани аломатлари борлигини маълум қилган эди. У шунингдек, шарқий Украинада ўрнашган рус армияси ўз салоҳиятини тўла намоён қилмаётгани борасидаги фикрларини ҳам билдириб ўтган эди.

“Биз Россия ҳужумкор кучлари шарққа қўшимча гуруҳлар, бўлинмалар, қурол-яроғ ва ҳарбий техникани қайта жойлаштираётганини кузатмоқдамиз. Биздаги маълумотларга кўра, Путин март ойигача Донетск ва Луганск вилоятлари ҳудудларини тўлиқ қўлга киритишни буюрган”, дейди Черняк “Киев Пост” нашрига берган интервьюсида.

Айтиб ўтиш керакки, Украина томонидан Россиянинг босқинчилик режалари вақти ва йўналиши борасида шу пайтга қадар ҳам бир қанча тахминлар қилинган. Аммо улар ҳар доим ҳам ўзини оқламаган. Разведка бошқармаси вакиллари томонидан билдирилган ушбу баёнотни эса Украинага қурол беришни кечиктираётган ғарб давлатлари қўшимча таъминот олиш учун баҳона сифатида кўрмоқда. Россиянинг шарқий фронтда устунликка эришаётгани борасидаги ҳозирги мулоҳазалар Украина Президенти Владимир Зеленский ва Украинанинг юқори мартабали амалдорлари Россия яқин ойларда ҳужумкор янги ҳаракатлар бошлашни режалаштираётгани ҳақида огоҳлантириб, Ғарб иттифоқчиларидан кўпроқ қурол, танк ва қирувчи самолётлар сўраган пайтда янграган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 февраль куни Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Алексей Данилов Россия яқин бир неча ҳафта ичида Украинадаги урушни “максимал даражада кучайтириш”га тайёрланаётгани ҳақида маълум қилганди. У, шунингдек, янги ҳужум нафақат қуруқликдан, балки денгиз ва ҳаводан ҳам ташкил этилиши борасида далиллари бор эканини айтиб ўтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг