Путин Марказий Осиёга келади
Олам
−
09:01 8957 1 дақиқа
Кеча, 16 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин ва Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат давомида Россия–Қозоғистон ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш бўйича келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган. Айниқса, савдо-иқтисодий соҳадаги ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларга эътибор қаратилган.
Владимир Путин май ойи охирида Остонада ўтадиган Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишида иштирок этишини тасдиқлаган. Тўқаев Россия Президентини мазкур тадбир доирасида Қозоғистонга давлат ташрифи билан келишга таклиф этган. Таклиф миннатдорлик билан қабул қилинган.
Шунингдек, халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар ҳам кўриб чиқилган. Томонлар алоқада бўлиб туришга келишиб олган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 21-22 декабрь кунлари Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб, Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилиши ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувида қатнашганди. Тадбирлар давомида Тўқаев Путин билан учрашув ҳам ўтказган.
Live
БарчасиШайхонтоҳур туманида хонадон ёнмоқда
16 Февраль