Путин хитойликларга мурожаат қилди (видео)
Олам
−
09:27 8649 2 дақиқа
Россия Президенти Владимир Путин Хитойга ташрифи арафасида мамлакат халқига мурожаат қилди. Бу ҳақдаги видеомурожаат Кремль матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.
“Қадрли хитойлик дўстлар, сизларга салом йўллайман. Қадрдон дўстим, Си Цзиньпиннинг таклифига биноан яна Пекинга ташриф буюраётганимдан мамнунман”, деган Путин.
Россия етакчиси икки давлат вакилларининг мунтазам ўзаро ташрифлари муҳимлигини таъкидлаб, Россия ва Хитой ўртасидаги қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланганининг 25 йиллигига тўхталган.
“Си Цзиньпиннинг Россия билан узоқ муддатли ҳамкорликка бўлган интилишини самимий қадрлайман. Бизнинг дўстона муносабатларимиз келажак учун режаларни белгилаш ва уларни амалга оширишга ёрдам беради”, деган Россия Президенти.
Унинг сўзларига кўра, Россия–Хитой савдо айланмаси 200 миллиард доллардан ошган. Шунингдек, ҳисоб-китоблар деярли тўлиқ рубль ва юань орқали амалга оширилаётгани таъкидланган.
“Россия ва Хитойнинг яқин стратегик ҳамкорлиги жаҳон майдонида барқарорлаштирувчи муҳим роль ўйнайди. Биз кимгадир қарши дўстлашмаяпмиз, балки тинчлик ва умумий фаровонлик йўлида ишлаяпмиз”, деган Владимир Путин.
Россия Президентининг Хитойга ташрифи 19–20 май кунлари бўлиб ўтади. Ташриф доирасида Си Цзиньпин билан музокаралар ўтказилиши режалаштирилган.
Учрашувлар якунида томонлар кенг қамровли шериклик ва стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича қўшма баёнот ҳамда қарийб 40 та ҳужжатни имзолашни режалаштирмоқда. Шулардан 21 тасини бевосита Путин ва Цзиньпин имзолайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Владимир Путиннинг Хитойга ташрифи чоғида томонлар йирик ҳужжатлар пакетини, жумладан, 47 саҳифали қўшма баёнотни имзолашни режалаштираётгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси