Путин Хитой мудофаа вазири билан ҳарбий ҳамкорликни муҳокама қилди
Олам
−
17 Апрель 2023
7323Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Давлат кенгаши аъзоси, Хитой мудофаа вазири Ли Шанфу билан учрашди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳам иштирок этди.
Путин таъкидлаганидек, мамлакатлар ўртасида барча соҳаларда – иқтисодиёт, ижтимоий, маданий ва таълим соҳаларида муносабатлар яхши ривожланмоқда.
“Аммо биз ҳарбий идоралар орқали ҳам фаол ишлаяпмиз, мунтазам равишда ўзимиз учун фойдали бўлган маълумотлар билан алмашамиз, ҳарбий-техник соҳасида ҳамкорлик қиламиз, бундан ташқари, Узоқ Шарқ минтақасида, Европада денгизда, қуруқликда ва ҳавода ҳам қўшма машғулотлар ўтказамиз. Ўйлайманки, бу, албатта, муносабатларимизнинг фақат ишончли, стратегик хусусиятини мустаҳкамловчи яна бир муҳим йўналиш – Россия Федерацияси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги муносабатлардир”, деди Путин.
Ўз навбатида, Ли Шанфу сўнгги пайтларда Россия ва Хитой ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳалардаги ҳамкорлик жуда яхши ривожланиб бораётганини таъкидлади. Бу глобал ва минтақавий хавфсизликка катта ҳисса қўшмоқда.
“Бугун мен Россияга келдим. Бу сизнинг ХХР раиси Си Цзиньпин билан март ойида Москвага ташрифи чоғида эришган келишувларингизни амалга оширишдир. Бу менинг Хитой Халқ Республикаси мудофаа вазири лавозимига келганимдан кейин хорижга биринчи ташрифимдир. Икки томонлама муносабатларимизнинг ўзига хос хусусияти ва стратегик аҳамиятини таъкидлаш учун мен бунинг учун алоҳида Россияни танладим”, деди Ли Шанфу.
Унинг сўзларига кўра, икки давлат ўртасида жуда мустаҳкам алоқалар мавжуд, улар қўшилмаслик, учинчи томон билан қарама-қаршилик қилмаслик тамойилларига асосланган совуқ уруш давридаги ҳарбий-сиёсий иттифоқлардан устундир.
“13 йил давомида Хитой Россиянинг биринчи савдо шериги бўлди. Ўзаро муносабатларни ривожлантирар эканмиз, биз ўз ваколатларимиз зиммасига юкланган масъулиятни тушунамиз, айниқса, сўнгги 100 йил ичида энг катта ўзгаришлар рўй бераётганини ҳисобга олиб, елкама-елка туриб, халқларимиз фаровонлигини юксалтириш йўлида ҳаракат қиляпмиз. Шунингдек, жаҳон иқтисодиётининг тикланиш жараёни жуда секин кечаётганини, дунё жуда нотинч, тинчликка талаб катта, мамлакатлар ўртасидаги тинч муносабатлар талаб этилишини ҳам ҳисобга оламиз”, деди у.
Учрашувда ҳарбий ҳамкорлик ҳақида гапирилгану, бироқ у ўз ичига нималарни олиши тўлиқ баён этилмаган.
Айтиш жоизки, Россиянинг Украинага босқини бошланганидан буён Ғарб ва Украина “Хитой рус томонини қўллаш учун қурол етказиб беряпти” деган фикрни олға суриб келади. Бироқ Хитой бу тахминларни кескин рад этиб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Украина томони урушда қўлланилаётган рус қуроллари таркибида Хитойда ишлаб чиқарилган таркибий қисмлар топилаётгани ҳақида маълум қилган эди. Бу “Хитой урушда Россияни қурол билан таъминлаяпти” деган фикрлар тасдиқланишига шаъма қилинган. Бироқ ҳар галгидек Хитой буни кескин рад этган ва у бошқа давлатлар, жумладан, Россия билан ҳам узоқ йиллик савдо ҳамкорлигига эга эканлигини таъкидлаган. Ҳарбий буюмлар экспорти борасида эса Хитой бутун вақт давомида эҳтиёткор ва масъулиятли муносабатда бўлгани урғуланган.