Путин Карлсон унга ўткир саволлар бермаганидан нолиди
Олам
−
15 Февраль
7704Россия Президенти Владимир Путин америкалик журналист Такер Карлсонга берган интервьюсига изоҳ берди. Бу ҳақда у журналист Павел Зарубин билан суҳбатда сўз очди.
Путиннинг айтишича, у Ғарб давлатлари раҳбарлари интервьюни кузатиб, Россия Президентининг гапларини тинглаганидан хурсанд.
Шунингдек, Путин Такер Карлсонни хавфли одам деб атади, чунки у интервьюда сабрли тингловчи тактикасини танлаган.
"Сизнинг Карлсонингиз – мен “сизники” деганимда, у сизнинг журналистика устахонангизнинг хавфли вакили эканини назарда тутяпман. Тўғрисини айтсам, у ўзини агрессив тутиб, ўткир саволлар беради, деб ўйлагандим. Мен бунга нафақат тайёр эдим, балки буни хоҳлардим, чунки бу менга кескин жавоб бериш имкониятини ҳам берарди. Менинг фикримча, бу бизнинг бутун суҳбатимизга маълум бир ўзига хосликни берарди. Аммо у бошқача тактикани танлади, бир неча бор гапимни тўхтатмоқчи бўлди, лекин барибир ғарблик журналист учун ажабланарлиси шундаки, у сабрли бўлиб, менинг қарашларимни, айниқса тарихга оид гапларимни тинглади. Менга тайёр бўлган нарсани қилишим учун сабаб бермади”, дейди Путин.
Россия раҳбарининг айтишича, у бу интервьюдан тўлиқ завқ олмаган, аммо Такер Карлсон ўз режаси бўйича қаттиқ ҳаракат қилди ва режасини амалга оширди.
Шунингдек, Владимир Путин америкалик журналистга воситачилик қилгани учун миннатдорлик билдирган, чунки Россия Ғарб билан тўғридан-тўғри мулоқот ўтказа олмаяпти.
Интервью учун АҚШда Такер Карлсоннинг ҳибсга олиниши эҳтимолини изоҳлар экан, Владимир Путин бу қайғули эканини, аммо журналист нима қилаётганини билишини айтган.
"Бироқ, эҳтимол, назарий жиҳатдан, бугунги Америкада, бугунги Қўшма Штатларда ҳамма нарса бўлиши мумкин", деб қўшимча қилган Россия Президенти.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ америкалик журналист Такер Карлсон Россия Президенти Владимир Путиндан интервью олганди. Ушбу 2 соат 7 дақиқа давом этган интервью 9 февраль куни оммага эълон қилинди. Кремлнинг таъкидлашича, суҳбатда кўтарилган 60 та савол келишиб олинмаган. Учрашувда Путин журналистга Россия тарихи, НАТО, АҚШ, Хитой, “Шимолий оқим”даги портлашлар, Россияда жосусликда айбланган америкалик журналист Эван Гершковичнинг озод этилиши ҳамда Украинада тинчлик ўрнатилиши каби мавзуларга оид саволларга жавоб берган.
Мазкур интервью Х ижтимоий тармоғида эълон қилинганидан кейин 23 соатдан кўпроқ вақт ичида 150 миллиондан ортиқ кўрилди. Аммо кўпчилик кутган ушбу интервьюда ҳайрон қоларли ва кескин гаплар бўлмади.
LiveБарчаси