Путин қишдан Украинага қарши қурол сифатида фойдаланяпти – Столтенберг
Олам
−
29 Ноябрь 2022
4305Россия Украина энергетика тизимига зарба беришда давом этиши мумкин. Бу ҳақда НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг кеча, 28 ноябрь куни берган баёнотида сўз очди.
“Қиш олдидаги бундай ҳаракатлар (Россия) Президенти Путин ҳозир қишдан Украинага қарши уруш қуроли сифатида фойдаланишга ҳаракат қилаётганини кўрсатмоқда”, дейди у НАТО Ташқи ишлар вазирларининг икки кунлик учрашуви олдидан Бухарестда ўтказилган матбуот анжуманида.
Столтенбергнинг сўзлари ўтган ҳафтада Украина инфратузилмасига уруш бошланганидан бери энг катта зарар етказган, миллионлаб одамларни электр, сув ва иссиқликсиз қолдирган Россия ракета зарбалари фонида янграган.
Инфратузилмага етказилган зарар коррупция, COVID-19 пандемияси ва тўққиз ойлик урушдан зарар кўрган соғлиқни сақлаш тизимига ҳам таъсир кўрсатди.
Режалаштирилган операциялар кечикмоқда, интернетдаги узилишлар туфайли тиббий маълумотлар йўқ, тиббиёт ходимлари эса электр таъминоти йўқ хонадонларда беморларни фонар ёрдамида текширишга мажбур.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ўтган ҳафта Украина соғлиқни сақлаш тизими кучайиб бораётган энергетика инқирози, совуқ қиш бошланиши ва бошқа муаммолар фонида урушнинг энг қора кунларини бошдан кечираётганини айтди.
“Украинадаги миллионлаб одамларнинг ҳаёти бу қишда хавф остида”, дейди ЖССТнинг Европа минтақавий директори Ханс Клюге.
Унинг башоратига кўра, яна 2-3 миллион одам иссиқлик ва хавфсизлик излаб уйларини тарк этиши ва мисли кўрилмаган соғлиқ муаммоларига, жумладан, COVID-19, пневмония ва грипп каби нафас олиш йўллари инфекцияларига дуч келиши мумкин.
Ўтган ҳафта ЖССТ Россия қўшинлари Украинага бостириб кирган 24 февралдан 23 ноябргача тиббиёт муассасаларига камида 703 та ҳужум уюштирилгани тасдиқланганини маълум қилди.
Украина Президенти Владимир Зеленский рус қўшинларини Херсон вилоятидаги тиббиёт муассасаларини ёпиш ва тиббий жиҳозларни, ҳатто тез ёрдам машиналарини ҳам талон-торож қилишда айблади.