Путин Қирғизистонга борди
Олам
−
12 Октябрь 2023
8979Россия Президенти Владимир Путин расмий ташриф билан Қирғизистонга келди. Путин у ерда Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров билан музокаралар ўтказади.
Учрашув якунлари бўйича икки давлат президентлари ҳукуматлараро, идоралараро ва бошқа ҳужжатлар тўпламини имзолашлари кутилмоқда.
Бундан ташқари, Путин ва Жапаров Қирғизистоннинг Кант шаҳридаги Россия ҳарбий ҳаво базасининг 20 йиллигига бағишланган тадбирда иштирок этади. Сиёсатчиларга 9-13 октябрь кунлари Қирғизистонда бўлиб ўтадиган КХШТ давлатларининг “Бузилмас биродарлик – 2023” қўшма машғулотлари ҳақида ҳисобот берилади.
Шунингдек, Россия ва Қирғизистон президентлари Жалолободда икки мамлакат саноат кооперациясига бағишланган 10-минтақалараро конференция иштирокчиларига қутлов видеомурожаатлари билан чиқади.
13 октябрь куни Бишкекда МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлиси бўлиб ўтади.
Аввалроқ, Россия Президенти Владимир Путин тез орада Қирғизистонда бўлиб ўтадиган МДҲ саммитида иштирок этишини, у ерда мавқедошлари, жумладан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашишини маълум қилган эди.
Шундан сўнг, Қирғизистонда ҳам Путин келишига алоҳида хавфсизлик чоралари кўрила бошланган эди.
LiveБарчаси