Путин Эрдўғанга қўнғироқ қилди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин бугун, 6 февраль куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга қўнғироқ қилди. Путин мулоқот чоғида Россия Туркияга зилзилалар оқибатларини бартараф этишда ёрдам беришга тайёрлигини тасдиқлади. Бу ҳақда Кремл матбуот хизмати хабар берди. 

“Путин туркиялик ҳамкорларга ушбу табиий офат оқибатларини бартараф этишда зудлик билан зарур ёрдам кўрсатишга тайёрлигини тасдиқлади”, дейилади хабарда. 

Бундан ташқари, таъкидланишича, Россиянинг ёрдам бўйича аниқ таклифлари тегишли каналлар орқали Туркия томонига аллақачон етказилган. 

Шунингдек, Россия давлат раҳбари ҳамкасбига кўплаб инсонлар қурбон бўлган вайронкор зилзилалар муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирди. 

Бунга жавобан Эрдўған Путинга шундай тезкор ва самимий муносабат учун миннатдорлик билдиргаан ва у мамлакатнинг ваколатли идораларига россиялик қутқарувчиларнинг ёрдамини қабул қилиш бўйича кўрсатма бераётганини айтган. 

Эслатиб ўтамиз, бугун, 6 февраль куни Туркия жануби-шарқидаги Қаҳраманмараш вилоятида юз берган кучли зилзила оқибатида мамлакатда 1498 нафар, қўшни Сурияда 800 дан ортиқ киши ҳалок бўлди. Жабрланганлар сони минглаб киши. Дастлаб, магнитуда 7,4 деб баҳоланган, кейин Туркия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бу кўрсаткичга ойдинлик киритди: у 7,7 ни ташкил қилди. Кейинроқ Туркияда 7,7 магнитудали янги зилзила қайд этилди. 

Кўплаб давлатлар, жумладан Ўзбекистон Анқара ва Дамашққа табиий офат оқибатларини бартараф этишда ёрдам таклиф қилди. Президент Шавкат Мирзиёев топшириғига асосан Туркияга инсонпарварлик ёрдами ва зилзила оқибатларини бартараф этиш мақсадида, 60 нафар ФВВ қутқарувчилари ҳамда 3 та махсус авария-қутқарув техникаси юборилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Туркияда зилзила

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг