Путин Эрдўған бош бўлган дон битимини “бир томонлама ўйин” деб атади
Олам
−
14 Июль 2023
9826Дон шартномаси бир томонлама ўйин, Россия манфаатларига нисбатан ҳеч нарса қилинмаган. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин “Россия-24” телеканалида айтиб ўтди.
“Украина ғалласини экспорт қилиш хавфсизлигини таъминлашга келишилган шартларга келсак, ҳа, БМТ билан ушбу келишувнинг бандлари бор эди, унга кўра Россия манфаатларини ҳисобга олиш керак эди: бу логистика, бу суғурта, бу бизнинг маҳсулотимиз учун тўлов билан боғлиқ пул ҳаракати ва бошқа кўплаб фикрлар. Ҳеч нарса, мен буни таъкидламоқчиман, умуман ҳеч нарса қилинмади. Ҳаммаси бир томонлама ўйин. Россия Федерациясининг манфаатлари мавжудлиги билан боғлиқ бирон бир нуқта бажарилмаган. Шунга қарамай, биз ўз ихтиёримиз билан ушбу шартномани кўп марта узайтирдик. Кўп маротаба. Лекин, билиб қўйинг, етар энди”, деган Путин.
Унинг таъкидлашича, Россия Федерацияси ҳали ҳам дон шартномасини узайтириш масаласида қандай ҳаракат қилиш ҳақида ўйлайди.
“Ҳозир бизга: “Йўқ, сиз яна бир бор муддатни узайтиришга рози бўлинг, биз барибир сизга берган ваъдаларимизни бажарамиз”, деб айтишяпти”, дейди Россия раҳбари.
Унинг қайд этишича, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш раҳбарлагидаги ваколатли ходимлар Дон келишуви шартларини, шу жумладан Россиянинг талабларини бажаришга ҳаракат қилмоқда.
“Аммо улар муваффақиятга эриша олмайди, чунки Ғарб давлатлари бу ваъдаларни бажармоқчи эмас”, дейди Путин.
Маълумот учун, ўтган йилнинг 22 июль куни Истанбулда халқаро бозорларга озиқ-овқат ва ўғит етказиб бериш бўйича ҳужжатлар тўплами (Дон келишуви) имзоланган. Дастлаб шартномалар 120 кунга тузилган бўлса, 2022 йилнинг ноябрь ойида улар худди шу муддатга узайтирилган. Шу йилнинг 18 май куни Россия келишув муддатини 60 кунга, яъни 17 июлга қадар узайтиришини эълон қилиб, бу вақт БМТ билан имзоланган меморандумнинг бажарилишини баҳолаш учун етарли бўлишини огоҳлантирган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги барча келишувлар пакетидан фақат Қора денгиз ташаббуси амалга оширилаётганини, Россия Федерацияси ва БМТ меморандуми доирасида ҳеч нарса қилинмаганини таъкидлаган. 30 июнь куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳозирча келишувларни узайтириш тарафдори ҳеч қандай сабаб кўрмаётганини айтган.
LiveБарчаси