Путин дўстининг ўғлини Энергетика вазири этиб тайинлаши мумкин – ОАВ
Олам
−
15 Март
5789Россиядаги “Интер РАО” энергетика компаниясининг бош директори Борис Ковальчукнинг ваколатлари тугатилди. Бу ҳақда компания баёнотига таяниб, “Interfax” хабар берди.
Бугун, 15 март куни Санкт-Петербургнинг собиқ вице-губернатори, аввал “Интер РАО” гуруҳининг энергия сотувчи компанияларида ишлаган, шунингдек, “Россети Урал”ни бошқарган Сергей Дрегваль компанияга бош директор этиб тайинланди.
Ковальчук компанияни 2009 йилдан буён бошқариб келаётганди. Бунгача у “Росатом” давлат корпорацияси бош директорининг ўринбосари ва Россия ҳукуматининг устувор миллий лойиҳалар департаменти директори лавозимларида ишлаган.
“Коммерсант” газетасига кўра, Ковальчукнинг "кўтарилиш учун кетаётгани" ҳақида принципиал қарор қабул қилинган.
Нашр манбаларига таяниб, Ковальчукни “Газпром” ёки “Роснефть” раҳбари бўлиши, шунингдек, Александр Новак ўрнига Бош вазир ўринбосари ёки Александр Беглов ўрнига Санкт-Петербург губернатори бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.
“Bloomberg”нинг россиялик манбалари эса сайловдан кейин Борис Ковальчук мамлакатнинг Энергетика вазири Николай Шулгинов ўрнига ушбу лавозимга тайинланиши мумкинлиги ҳақида маълум қилган.
Борис Ковальчук “Россия” банки ва Миллий медиа гуруҳи акциядори Юрий Ковальчукнинг ўғли. Юрий Ковальчук эса Президент Владимир Путиннинг дўсти ҳисобланади. Юрий Ковальчукнинг бойлиги 2,7 миллиард долларга баҳоланган. У “Forbes 2023” рейтингида Россия бойлари орасида 49-ўринни эгаллаган.