Путин Доғистон раҳбарини истеъфога чиқарди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин Доғистон раҳбари Сергей Маликов истеъфога чиқаётгани ва бошқа ишга ўтаётганини маълум қилди. Бу ҳақда у кеча, 30 апрель куни республика халқ мажлиси вакиллари билан учрашувда сўз очди.

Путин 2020 йилдан буён минтақани бошқариб келаётган 60 ёшли Маликовнинг айнан қаерга ўтишини айтмаган. 

“Республиканинг амалдаги раҳбари Сергей Алимович Маликовнинг хизмат муддати сентябрь ойида тугайди. У кўп иш қилди. Бунинг учун ундан миннатдормиз. Лекин у бошқа ишга ўтмоқда, ҳаёт давом этади”, дейди Президент.

Республика парламенти спикери Заур Аскендеров минтақа раҳбари лавозимига Доғистон Олий суди раиси Фёдор Шукин номзодини таклиф қилган. Республика ҳукумати раҳбарлигига эса Президентнинг Узоқ Шарқ федерал округидаги (УШФО) ваколатли вакили ўринбосари Магомед Рамазановни қўйиш таклиф этилган. У илгари Россия Федерал хавфсизлик хизматининг коррупция ишлари билан шуғулланувчи “К” бошқармаси ходими бўлган. Аскендеров “бундай тандем муваффақиятли бўлиши” ҳақида фикр билдирган. Путин ҳар икки номзодни қўллаб-қувватлаган.

Апрель ойи бошида Президент Администрациясига яқин бўлган РБК манбалари унинг Доғистон раҳбари лавозимига асосий номзодга айланганини хабар қилган. Ўшанда Путин уни республикадаги вайронкор сув тошқини оқибатларини бартараф этиш масалалари бўйича йиғилишга таклиф қилганини айтган. Шунингдек, Маликовни алмаштириш тўғрисидаги қарор минтақада табиий офат бошланишидан олдинроқ қабул қилингани қайд этилган.

Шунингдек, бунгача Россия расмий оммавий ахборот воситалари Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладков, шунингдек, Брянск вилояти раҳбари Александр Богомазнинг эҳтимолий ишдан бўшатилиши ҳақида ҳам ёзган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрель ойида кучли ёмғирлар туфайли Доғистонда сув тошқинлари содир бўлган эди. Шаҳар ва қишлоқларда уйларни сув босди, ҳудудда сув ва электр таъминотида узилишлар юзага келди. Тоғларда кўчки ва сел ҳодисалари кузатилди. Табиий офат оқибатида олти киши, жумладан, уч нафар бола ҳалок бўлди. Тошқиндан 6 мингдан ортиқ киши жабр кўрди. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 9 апрелдаги маълумотларига кўра, Доғистоннинг саккизта аҳоли пунктида 1091 та тураржой биноси, 1146 та томорқа ер участкаси ва 70 та йўл қисми сув остида қолган.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Доғистон Сергей Маликов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг