Путин ДХР ва ЛХРга қўшин киритишга рухсат олди

Олам

image

Россия Федерацияси Федерал Мажлисининг Федерация кенгаши Президент Владимир Путинга Донбассда мамлакат қуролли кучларидан фойдаланишга рухсат беришга қарор қилди. Бундай қарор сенаторлар томонидан кеча, 22 февраль куни қабул қилинди.

Россия Федерацияси Президенти Федерация Кенгашига мамлакат қуролли кучларини ўз чегараларидан ташқарида, хусусан, Донецк ва Луганск халқ республикаларида қўллаш бўйича сўров юборган эди. Армиядан Россия ташқарисида фойдаланишга рухсат бериш тўғрисидаги қарор Федерация Кенгаши аъзолари томонидан бир овоздан қабул қилинган.

Федерация Кенгаши спикери Валентина Матвиенкога кўра, гап тинч аҳолини ўққа тутишга йўл қўймайдиган тинчликпарвар кучлар ҳақида кетаётган эмиш. 

Россия Мудофаа вазири ўринбосари Николай Панковнинг сўзларига кўра, аллақачон Донбассни 100 минг киши тарк этган, улардан 30 минг нафари болалар.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ Президенти Жо Байден айрим шахсларнинг мулкини блоклаш ва айрим операцияларни тақиқловчи фармон қабул қилди. Ҳужжат ДХР ва ЛХРга сармоя киритишни, шунингдек, ушбу минтақалардан ҳар қандай товарлар, хизматлар ёки технологияларни Қўшма Штатларга импорт қилишни тақиқлайди.

Бундан ташқари, ушбу фармон ўзини мустақил деб эълон қилган республикаларда ҳаракат қилишга қарор қилган ҳар қандай шахсга нисбатан жазо чораларини қўллаш имконини беради.

Қўшма Штатларда жойлашган ёки кейинчалик АҚШга кирадиган, ДХР ва ЛХР билан боғлиқ шахсларга тегишли бўлган барча мулк ва мулкдаги улушлар блокланади.

Шунингдек, Вашингтон Россиянинг ўзига ҳам санкция киритди. Чекловлар давлат суверен қарзи ва банкларига тааллуқли бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

331

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг