Путин Бишкекка келди
Олам
−
09 Декабрь 2022
10903Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин бугун, 9 декабрь куни Қирғизистонга келди. Бугун Бишкекда Евроосиё иқтисодий иттифоқи саммити бўлиб ўтади.
Раҳбарлар умумий газ бозорини шакллантириш ва энергетика соҳасида идоралараро кенгаш тузиш, ЕОИИ маконида интеграцияни янада чуқурлаштириш, хизматларнинг ягона бозорини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиши кутилмоқда. Режага кўра, саммитда ҳужжатларнинг бутун тўплами ва Иттифоқнинг 2023 йилга мўлжалланган халқаро фаолиятининг асосий йўналишлари тасдиқланади.
Путин умумий йиғилишдан ташқари саммит доирасида икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказиши мумкин. Хусусан, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан икки томонлама мулоқот режалаштирилган.
Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг бўлажак йиғилиши жорий йилда иккинчиси бўлади. Аввалги йиғилиш Қирғизистон раислигида 27 май куни видеоалоқа орқали ўтказилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга 9 декабрга режалаштирилган ташрифи қолдирилди. ЕОИИ саммитида Ўзбекистон номидан Бош вазир Абдулла Арипов иштирок этади. Мамлакат ЕОИИда кузатувчи мақомига эга.
LiveБарчаси