Путин Байдендан аввал Макрон билан таранглашган вазиятни муҳокама қилди
Олам
−
12 Февраль 2022
11502Украина билан боғлиқ вазият юзасидан бугун, 12 февраль куни Франция Президенти Эммануэль Макрон ҳамда унинг Россиялик ҳамкасби Валдимир Путин ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Франция Президенти Админстрацияси хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, яқинда Кремлда Россия раҳбари қабулида бўлган Макроннинг Путин билан телефондаги суҳбати 1 соат 40 дақиқа давом этган.
Расмий Парижга кўра, “мулоқот Украина чегарасидаги вазиятни юмшатиш” борасида бўлган. Томонлар минтақада хавфсизликни таъминлаш борасида “Минск келишуви”да кўзда тутилган вазифаларни бажаришга тайёр эканлигини билдирган.
“Давлат раҳбарлари Минск келишувининг бажарилишини таъминлаш масаласини муҳокама қилиб, Европада хавфсизлик ва барқарорликни кафолатлаш шартлари бўйича музокаралар олиб борган. Президентлар ушбу масалалар бўйича мулоқотни келгусида ҳам давом эттириш ниятини билдирдилар”, дейилади Макрон маъмурияти берган хабарда.
Қайд этилишича, бугунги телефон мулоқоти, минтақада хавфсизлик масаласи биринчи ўринга чиққан бир пайтда, икки давлат раҳбари ўртасида сўнгги бир ҳафтада ўтказилган 4-сўзлашув ҳисобланади.
Бундан аввал, АҚШ Президенти Жо Байден ҳам бугун Валидимир Путин билан телефон мулоқотини ўтказиши ҳақида хабар берган эдик. АҚШ раҳбари ўзининг Россиялик ҳамкасби билан Украина-Россия ўртасида юзага келган геосиёсий вазиятни муҳокама қилиши айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Россия-Украина атрофидаги вазиятни муҳокама қилиш учун Франция Президенти Эммануэль Макрон 7-8 февраль кунлари расмий ташриф билан Москва ва Киевда бўлиб, икки давлат раҳбарлари билан музокаралар олиб борган эди.
Музокаралар давоми сифатида Германия канцлери Олаф Шольц ҳам 14 февраль куни Россия ва 15 февраль куни Украина раҳбарлари билан учрашиши режа қилинган.
LiveБарчаси