Россия Украинага қачон ҳужум қилишини айтган Байден Путин билан гаплашиб олмоқчи
Олам
−
12 Февраль 2022
25334Россиянинг Украинага ҳужум қилиш санасини аниқ айтган АҚШ Президенти Жозеф Байден бугун, 12 февраль куни Прездиент Путин билан телефон орқали мулоқот қилишни режалаштирган. Бу ҳақда Оқ уйга яқин манбага таяниб, CNN ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Билдирилишича, мулоқот Россия-Украина ўртасидаги зиддият ортиб бораётгани сабабли ўтказилмоқда. Бундан бироз аввал АҚШ Президенти Жо Байден Ғарб давлатлари, Европа Иттифоқи ва НАТО етакчилари билан ўтказилган видеоконференция чоғида Россия Украинага жорий йилнинг 16 февраль куни “бостириб киришини” айган эди.
Оқ уйнинг тахмин қилишича, Украина чегараларини ҳарбий техника ва аскарлар билан қуршаб олган Россия мамлакатга бомба ва ракеталардан ҳужум қилади.
Қайд этилишича, Байден ва Путин ўртасидаги телефон мулоқоти бугун, АҚШ вақти билан соат 11:00 (Тошкент вақти 21:00) да бўлиб ўтади. Ушбу мулоқот бу йил ҳисобидан икки давлат раҳбарлари ўртасида ўтказилаётган илк сўзлашув бўлади.
Кремлга кўра, Владимир Путин Байдендан ташқари яна бир нечта Ғарб давлатларининг раҳбарлари билан ҳам мулоқот ўтказишни режалаштирган.
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров кеча, 11 февраль куни Россиянинг ҳужумни бошлаши ҳақида бонг ураётган Ғарб расмийларига жавоб қайтариб, уларни “катта миқёсдаги ёлғон ахборотлар тарғиботи”да айблаган.
Россия ТИВ ҳам сўнгги пайтларда халқаро медиада кенг тарқалган хабарларга қарши баёнот билан чиққан.
“2021 йил охири ва 2022 йил бошида жаҳон ахборот маконида ўзининг миқёси ва мураккаблиги бўйича мисли кўрилмаган медиа-кампания (тарғибот) юзага келди. Унинг мақсади жаҳон ҳамжамиятини Россия Федерацияси Украина ҳудудига бостириб киришга тайёрланаётгани ҳақида ишонтиришдан иборат", дейилади вазирлик баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, Россия-Украина атрофидаги вазиятни муҳокама қилиш учун Франция Президенти Эммануэль Макрон 7-8 февраль кунлари расмий ташриф билан Москва ва Киевда бўлиб, икки давлат раҳбарлари билан музокаралар олиб борган эди.
Музокаралар давоми сифатида Германия канцлери Олаф Шольц ҳам 14 февраль куни Россия ва 15 февраль куни Украина раҳбарлари билан учрашиши режа қилинган.
LiveБарчаси