Путин баллистик ракеталарини синовдан ўтказди (видео)

Олам

image

Бугун, 22 октябрь куни Россияда стратегик ядро кучлари иштирокида ҳарбий машғулот ўтказилди. Машғулотларда ядро кучларининг қуруқликдаги, денгиздаги ва ҳаво компонентлари қатнашган ва унга Россия Президенти Владимир Путин бевосита раҳбарлик қилган. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.

Кремль баёнотида қайд этилишича, “барча машғулот вазифалари тўлиқ бажарилган”. Машғулот доирасида “Ярс” туридаги қитъалараро баллистик ракета Плесецк давлат синов космодромидан Камчаткадаги “Кура” полигонига учирилган. Шунингдек, “Синева” баллистик ракетаси Баренц денгизи акваториясидан “Брянск” атом ракета сувости кемасидан парвозга чиқарилган. Шунингдек, узоқ масофали авиацияга мансуб Ту-95МС самолётлари ҳаво базасидан учириладиган қанотли ракеталарни синовдан ўтказган.

Маълумот учун, “Ярс” (РС-24) – 2009 йилда Россия Қуролли кучлари сафга қабул қилган қаттиқ ёқилғили қитъалараро баллистик ракета комплекси бўлиб, у 11 минг километргача масофадаги нишонларга зарба бериш имконига эга. Ракетада бир неча мустақил нишонга йўналтирилувчи бўлинадиган жанговар каллаклар мавжуд.

“Синева” (Р-29РМУ2) – уч босқичли суюқ ёқилғили баллистик ракета. У стратегик атом сувости кемаларига жойлаштирилади.

Ту-95 эса узоқ масофали стратегик бомбардимончи-ракета ташувчи самолёт бўлиб, у одатда Х-55 туридаги қанотли ракеталарни (учиш масофаси – 2500 км гача) олиб юради. Бу модель 1981 йилда серияли ишлаб чиқаришга киритилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда 120 километргача бўлган масофадаги нишонларни мустақил равишда топиб, уларга ҳужум қила оладиган “Клин” дрони намойиш қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин баллистик ракета Ярс

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг