Путин Алиевдан икки марта узр сўради – Песков
Олам
−
09 Январь
7325Россия Президенти Владимир Путин Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевга икки марта қўнғироқ қилиб, Озарбайжон ҳаво йўллари йўловчи самолёти билан боғлиқ фожиали воқеа Россия ҳаво ҳудудида содир бўлгани учун узр сўради. Бу ҳақда Кремль воизи Дмитрий Песков маълум қилди.
“Президент Путин ва Президент Алиев икки марта телефонда гаплашган. Тергов органларига зарур кўрсатмалар берилди, ушбу ҳодиса сабабларини ўрганишда барча зарур ёрдам ва ҳамкорлик кўрсатилмоқда. Президент Путин узр сўради ва таассуф сўзларини билдирди”, деган Песков.
Песков журналистлар билан суҳбатда Россия тегишли комиссия ишининг натижаларини кутаётганини ва “мутлақо холис терговдан манфаатдор” эканини ҳам айтди.
Путин 28 декабрь куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевга қўнғироқ қилиб, ушбу фожиали воқеа Россия ҳаво ҳудудида содир бўлгани учун узр сўраганди. Суҳбат чоғида қатъий жадвал бўйича парвоз қилаётган Озарбайжон йўловчи самолёти Грозний аэропортига бир неча бор қўнишга урингани таъкидланганди. Шунингдек, бирламчи тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани, фуқаролик ва ҳарбий мутахассислар сўроқ қилинаётгани айтилганди.
Алиев авиаҳалокат оқибатида вафот этган экипаж аъзолари – капитан Игорь Кшнякин, учувчи Александр Калянинов ва стюардесса Ҳўкума Алиеванинг видолашув маросимидаги иштироки чоғида Россия Озарбайжондан кечирим сўрашдан ташқари, ўз айбига иқрор бўлиши, айбдорларни жазолаш, жиноий жавобгарликка тортиш ва Озарбайжон давлатига, жароҳатланган йўловчилар ва экипаж аъзоларига товон тўлаш кераклигини айтди. Алиевга кўра, бу Озарбайжоннинг шартлари. Улардан фақат кечирим сўраш талабигина бажарилди, холос.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озарбайжон ҳукумати авиаҳалокат билан боғлиқ воқеалар фонида Россия фуқаролари учун мамлакат ҳудудида вақтинча бўлиш муддатини йилига 90 кунга қисқартирди. Мазкур ўзгаришлар 2025 йилнинг 1 январидан кучга кирди. Россия ТИВга кўра, Озарбайжоннинг бу қарори мамлакатнинг ўз ҳуқуқи ҳисобланади.
Embraer 190 самолётининг қулаши
25 декабрь куни Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Баку-Грозний йўналишидаги самолёти ҳалокатга учради. Самолётда 62 нафар йўловчи ва беш нафар экипаж аъзоси бўлган. Самолёт қулашида 38 киши ҳалок бўлди, 29 киши омон қолди.
Дастлаб самолётнинг ҳалокатига қушлар галаси билан тўқнашиб кетгани сабаб бўлгани айтилган эди. Кейинроқ “Euronews” Озарбайжон ҳукуматидаги манбаларига таяниб, ушбу авиаҳалокат Россия томонидан учирилган ер-ҳаво синфидаги ракета туфайли содир бўлганини эълон қилди. Шунингдек, AZAL Embraer 190 самолёти ҳалокатининг дастлабки сабаби сифатида ташқи жисмоний ва техник таъсирларни кўрсатди.
Озарбайжоннинг Рақамли ривожланиш ва транспорт вазири Рашод Набиев ҳам самолёт ҳалокатига “ташқи аралашув” сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини айтди.
АҚШ ҳам лайнернинг қулашида Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг таъсирини таъкидламоқда.
Озарбайжон парламенти депутати Расим Мусабеков Россия томони Azerbaijan Airlines фуқаролик самолётини ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси билан уриб туширгани учун узр сўраши кераклигини айтди. Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса Кремль ҳалокатга баҳо беришни тергов якунларига қадар нотўғри деб билишини ва вазиятга изоҳ бермаслигини билдирди.
Чеченистон ҳукумати эса Рамзан Қодировнинг топшириғи билан Баку-Грозний йўналишидаги AZAL авиакомпаниясига тегишли самолёт ҳалокати оқибатида вафот этган ва жабрланганларнинг оилаларига молиявий ва бошқа ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди. Лекин, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг маъмурияти ҳеч қандай ёрдамга муҳтож эмаслигини ва бундай ёрдамни қабул қилмаслигини маълум қилди.
LiveБарчаси