Путин Алиев билан Қорабоғдаги вазиятни муҳокама қилди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин ва Озарбайжон етакчиси Илҳом Алиев телефон орқали мулоқот қилиб, Қорабоғ бўйича уч томонлама келишувларни амалга ошириш ва икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар. Бу ҳақда Кремль хабар бермоқда. 

“Россия, Озарбайжон ва Арманистон раҳбарларининг 2020 йил 9 ноябрь, 2021 йил 11 январь ва 26 ноябрдаги келишувлари ижроси кўриб чиқилиб, минтақада тинч-осойишта ҳаёт ўрнатиш ва барқарорликни мустаҳкамлаш, иқтисодий алоқалар ва транспорт коммуникацияларини блокировкадан чиқариш билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилди”, дейилади хабарда. 

Бундан ташқари, Алиев Россия раҳбарини 22 май куни Брюсселда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Европа кенгаши президенти Шарль Мишель билан бўлиб ўтган учрашув ҳақида ҳам маълумот берган.  

“Савдо-иқтисодий соҳадаги икки томонлама ҳамкорликнинг айрим долзарб жиҳатлари муҳокама қилинди. Россия-Озарбайжон стратегик шериклигини янада чуқурлаштиришга ўзаро мойиллик, шу жумладан, Озарбайжон Президентининг февраль ойида Москвага расмий ташрифи якунларини ҳисобга олган ҳолда тасдиқланди”, дейилади хабарда. 

Кремль суҳбат Озарбайжон томонининг ташаббуси билан бўлиб ўтганини, етакчилар турли даражадаги мунтазам алоқаларни давом эттиришга келишиб олганини маълум қилмоқда. 

Қорабоғ уруши

Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олишди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10-сига ўтар тунда “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Шуниси аниқки, уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди. 

Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган Bayraktar учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Илҳом Алиев Қорабоғ

Баҳолаганлар

15

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг