Бишкекдаги Путин, пойтахтдаги СССР байроғи – Туркий дайжест

Таҳлил

Путин Бишкекка келди, Жапаров уни катта дабдаба билан кутиб олди. КХШТ саммити учун келганлар қаторида Лукашенко ҳам бор эди. У давлат тўнтаришидан сўнг Беларусга қочиб, айни кунларда Минскда яшириниб юрган Қирғизистоннинг  собиқ президенти Қурманбек Бакиевни ҳечкимга бермаслигини айтди.  Депутатлар унга жавоб қайтарди. Қурғизистонда сайловлар бўлиб ўтди. Коммунистик мафкура тарафдорлари эса пойтахт шаҳарда СССР байроғини кўтарибб юрди. Шу ва бошқа қизиқарли воқеалар тафсилоти билан яна биргамиз.

                      “Туркий тилларни ўрганаётган” Путин

Россия Президенти Владимир Путин 25 ноябрь куни Қирғизистонга давлат ташрифи билан келар экан, Жапаров бош мамлакат расмийлари уни аэропортда катта дабдаба билан қарши олди. Миллий услубда безатилган “Манас” аэропортига Путинни кутиб олишга ҳатто қирғизларнинг анъанавий бургут ва овчи итлари ҳам чиқди.

Кремль раҳбарини расмий кутиб олиш маросимини ўтказиш чоғида Путин фахрий қоровулга қирғиз тилида салом берди. Унинг марказий осиёликларнинг тилида гапириши илк бор кузатилмаяпти. Эсингизда бўлса, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 11-12 ноябрь кунлари Москвага давлат ташрифи билан борганди. Ўшанда Путин Тўаев билан театрга тушди ва қозоқ санъаткорларига мурожаат қилиб, уларни “алтин” деб атади. Бу айнан “олтин” дегани. Путин нега тилларда гапиряпти? Унинг бу ҳаракатлари ортида нима яширинган?

Россия Ғарб билан кескин рақобатга кирган бир пайтда, Марказий Осиё унинг энг яқин геосиёсий “орқа ҳовлиси” сифатида кўрилади. Путиннинг тил орқали илиқлик кўрсатиши “биз сизларга яқинмиз, ҳурмат қиламиз” деган сигнал ҳам бўлиши мумкин. Шу қатори унинг бу “олийжаноблиги” одамлар орасида “Путин бизнинг тилимизни билади, ҳурмат қилади” деган фикрлар катта резонанс беради. Ёки Хитой Марказий Осиё давлатларига улкан инвестициялар, инфратузилма, савдо ва транспорт лойиҳаларини таклиф қилаётган, Пекиннинг иқтисодий таъсири кескин ошган бир пайтда бунга жавобан Россия ўзининг “маданий яқинлик” картасини ишга солаётган бўлиши ҳам мумкин.

Бишкекдаги “Ала-Арча” давлат резиденциясида Коллектив хавфсизлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши олдидан ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари учун уюштирилган этномаданий тадбирда у ҳатто қирғизларнинг миллий чолғу асбоби – қомузни ҳам чалиб кўрди. Бошқа Президентлар қатори Путинга ҳам қўл меҳнати билан ишланган панно ва миллий мусиқий асбоблар совға қилинди – бу қирғиз халқининг ҳурмат ва меҳмондўстлик рамзи сифатида тақдим этилди.

Жапаров Путин билан музокара ўтказди ва унда Россия Қирғизистон учун стратегик иттифоқчи, ҳамкор ва дўст бўлиб келгани ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолишини айтди. Путиннинг айтишича, Қирғизистондаги қўшма Россия ҳарбий базаси бутун минтақада барқарорликка ҳисса қўшади. Бу ҳарбий база Коллектив тезкор жойлаштириш кучларининг бир қисми бўлиб, КХШТга аъзо давлатлар ҳаво ҳудуди хавфсизлигини таъминлашда иштирок этади.

Путин журналистларнинг саволларига жавоб бериш чоғида Қирғизистонда кичик қувватли АЭС қуриш лойиҳасини амалга оширишга тайёрлигини билдирди. У Россия дунёда бундай лойиҳаларни амалга ошираётган ягона давлат эканини эслатиб ўтди.

Лукашенко билан ошно қочоқ президент

Беларусь фуқароси Александр Лукашенкодан Бишкекдаги КХШТ саммити чоғида Қирғизистоннинг ҳокимиятдан ағдарилган раҳбари, собиқ президент Қурманбек Бакиевнинг Минскдаги ҳаёти қандай ўтаётгани сўралди. У ҳеч иккиланмай Бакиев билан алоқаси яхши экани, ҳатто борди-келди қилиб туришини айтди. Шу билан бирга у Бакиевни расмий Бишкекка қайтариб бериш ниятида эмаслигини таъкидлади.

“Бакиев яхши яшаяпти. Биз уни энди сизнинг олдингизга қўймаймиз. Мен унга: “Бошқа сафарлар йўқ, бўлди! Беларусда яшанг”, дедим. У яхши яшайди, у баъзида мени уйига таклиф қилганда, ёнига бориб тураман. Биз уни сизга бермаймиз”, деди Лукашенко.

Лукашенконинг айтишича, Бакиев унга “Қирғизистонни соғинаётгани”ни кўп айтиб келади. У ҳеч бўлмаганда отасининг қабрини зиёрат қилишни хоҳлайди. Беларусь етакчисининг сўзларига кўра, Лукашенко бу масалани шахсан Президент Жапаров билан ҳал қилиб, собиқ президентнинг отасини зиёрат қилиб кетишига ёрдам бермоқчи.

“Ҳамма “ҳеч бўлмаганда отамнинг қабрини зиёрат қилсам эди”, деб айтади. Қирғизистонликларнинг ўз президентининг отаси қабрига келишига рухсат бермаслиги жуда ғалати, менимча, биз бу масалани ҳозирги раҳбарият билан ҳал қиламиз”, деди у.

Бакиев 2005 йил 10 июлда Президент этиб сайланган (2009 йилда қайта сайланган). 2010 йил 7 апрелда давлат тўнтариши натижасида ҳокимиятга Роза Отунбаева бошчилигидаги мухолифат томонидан тузилган янги муваққат ҳукумат келди. Қурманбек Бакиев Бишкекдан жанубда, Жалолобод вилояти ҳудудидаги ота-боболари қишлоғида яширинган. Бир неча кундан кейин у Қозоғистонга учиб кетди, у ердан 16 апрелда вақтинчалик ҳукуматга давлат раҳбари лавозимидан кетиши тўғрисида баёнот юборди. Бир неча кундан кейин Бакиев Беларусга йўл олди, у ерда – Беларусда ҳали ҳам яшайди ва баъзи маълумотларга кўра фуқароликни олган.

2010 йил 4 майда муваққат ҳукуматнинг қарори билан Қурманбек Бакиев собиқ давлат раҳбари мақомидан ва дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинди. 8 май куни у Қирғизистон ҳукумати томонидан қидирувга берилган. Қирғизистон Бош прокуратураси бир неча бор Бакиевни экстрадиция қилиш тўғрисида Минскка сўров юборган, аммо рад этилган.

Мамлакатда собиқ президентга бир нечта айбловлар қўйилган. 2013 йил февраль ойида у мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланиб, сиртдан 24 йиллик қамоқ жазосига, 2014 йил апрелда – Британиянинг Oxus Gold кон компанияси раҳбари Шон Дейлини ўлдиришга уринишда айбланиб, 25 йилга озодликдан маҳрум қилинган. 2014 йил июлда – 2010 йил 7 апрелда Бишкекда мухолифат митингини отишни уюштиргани учун мол-мулки мусодара қилиниб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

2017 йил декабрда – қишлоқ хўжалиги ерларини уй-жой қуриш учун мўлжалланган участкаларга ноқонуний айлантирганлик учун 10 йил қамоқ жазоси берилган.

Унинг ўғли Максим ва укаси Жаниш ҳам бир қатор айбловлар бўйича узоқ муддатга сиртдан ҳукм қилинган.

Қирғизистондан қочган Бакиевлар оиласи Минскда жойлашган бўлса, Максим Бакиев оиласи билан Буюк Британияда яшайди.

Жапаровнинг маслаҳатчиси Чўлпонбек Абикеев Бакиевнинг Қирғизистонга қайтиб келиб, суд олдида жавоб беришини талаб қилди. Абикеевга кўра, 7 апрель воқеалари учун жавобгарлик нафақат Бакиев, балки муваққат ҳукумат зиммасига юкланганини яшириб бўлмайди.

“Ўқлар олддан эмас, орқадан келдими, ким ўқ узди, деган саволлар жавобсиз қолмоқда. Мен уларни собиқ президент Алмазбек Атамбоев отди, деб тўғридан тўғри даъво қилмаяпман, лекин у Форум биносига қуролланган ҳолда келганини ҳамма билади. Агар Бакиев келса, у албатта судга тортилади. 7 апрелдан кейин содир этилган ўғирликлар, уйдан ғойиб бўлган сандиқлар, Максимнинг уйидан ғойиб бўлган пуллар ва сейфлардан олинган маълумотлар. Бакиев ва унинг қариндошлари фош бўлади”, деди у.

Давлат раҳбари маслаҳатчиси ўша воқеаларда иштирок этган кўплаб шахслар гувоҳ сифатида сўроққа чақирилишини қўшимча қилди.

“Натижада янги фактлар пайдо бўлиши мумкин ва кўпчилик фош бўлади. Масалан, Асқар Акаевнинг қайтишига қарши чиққанлар ҳам бор. Аммо сўроқдан кейин кўплаб жиноятлар фош этилди. Бир неча юқори мансабдор шахслар иштирокидаги жиноий ҳаракатлар фош этилиб, ноқонуний ўзлаштирилган мулклар давлатга қайтарилди. Қумтор бўйича айниқса қимматли маълумотлар олинди. Бакиев қайтса, кўп сирлар ҳам очилади”, дейди у.

2023 йилда Жапаров мамлакатнинг барча собиқ президентларини бир дастурхон атрофида йиғиб суҳбатлашганди. Асқар Акаев, Қурманбек Бакиев, Роза Отунбоева, Алмазбек Атамбоев ва Сооронбай Жеенбеков амалдаги Президент иштирокида учрашув ўтказганди.

Жапаровнинг айтишича, ўшана собиқ президентлар “бир мушт бўлиш” ташаббусини қўллаб-қувватлаган, шунингдек, улар ҳам ўз дардини гапириб, хатоларини тан олган ва бир-бирини кечирган.

“Замҳоким” ногиронларни ҳақоратлади

Кўрсатувимиз давом этади. Қозоғистонда Олмаота вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Қанат Есболатов ногиронларга нисбатан “Худо уларни аллақачон жазолаган”, жумласини ишлатди ва жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўлди. Унинг бу гаплари мамлакат Соғлиқни сақлаш вазири Ақмарал Алназарованинг Талгар тумани аҳолиси билан учрашуви чоғида айтилган. Ижтимоий тармоқларда кўпчилик унинг бу гапини ҳақорат сидфатида қабул қилди. Аммо уни мақтагучилар ҳам топилди.

“Замҳоким”нинг ўзи сўзларига изоҳ берган. Унинг айтишича, учрашувга жуда кўп одам тўпланган. Ҳар бири долзарб мавзуларни кўтарган ва савол беришга шошилган. Навбат катта бўлган.

Одамлар орасида ногиронлиги бўлган шахслар ҳам бўлган. Баъзилари навбатини кутиб тик турган. Навбат етганида эса залда ўтирган бир нечта одам уларнинг гапини бўлиб, саволларига халақит берган.

“Мен регламентга риоя қилишни сўрадим. Аммо мен русча гапирганимда хатолар бўлади. Фикрни нотўғри етказиб қўяман”, дейди у. У аслида: “Худо катта синов берган”, демоқчи бўлганини айтган.

Қирғизистонда парламент сайловлари

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров бугун, 30 ноябрь куни рафиқаси билан навбатдан ташқари парламент сайловларида овоз берди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, сайловдаги бутун жараён автоматлаштирилган, инсон омили бартараф этилган. Илгари сайлов бюллетенлари қўлда тарқатиларди, ҳар бир сайлов участкасида 50-100 тадан қўшимчаси қоларди, номзодларга белги қўйиларди. Энди бундай эмас, ҳамма нарса компьютерлаштирилган.

“Мен учун бутун жараён беш дақиқага яқин вақтни олди – мен кириб келдим, бюллетенимни олдим ва овоз бердим. Нега биз бундай ислоҳотларни амалга оширдик? Ҳамма эслаганидек, республикада учта тўнтариш бўлган, буларнинг барчаси сайловлар туфайли – президентлик ёки парламент сайловлари туфайли бўлган”, деди Садир Жапаров.

Садир Жапаровнинг айтишича, ҳали ҳам битта муаммо қолмоқда: овозларни сотиш ёки сотиб олиш.

Жогорку Кенеш (Олий Кенгаш) депутатлари учун сайлов натижалари 14 декабргача санаб чиқилади ва расман эълон қилинади.

Сайловлардан бир ҳафта олдин Қирғизистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари мухолифат вакили ва собиқ президент Алмазбек Атамбоевнинг айрим тарафдорларини қўлга олганди. Ушланганлар орасида мухолифатчи “Социал-демократлар” партияси аъзолари Темирлан Султонбеков ҳамда Эрмек Эрматов, собиқ президентнинг ўғли Қодирбек Атамбоев ва бошқалар бор эди.

Туркияда сайёҳ оиланинг фожиавий ўлимига сабаб

Ўтган ноябрь ойининг бошида Германиянинг Гамбург шаҳридан Истанбулга саёҳат учун борган оила аъзоларининг барчаси меҳмонхонада фожиали тарзда вафот этганидан хабарингиз бўлса керак. Истамбул прокуратураси 27 ноябрь куни оиланинг ўлимига меҳмонхонада зараркунанда ҳашаротларга қарши қўлланган инсектициддан заҳарланиш сабаб бўлганини маълум қилди.

Илгари тахмин қилинганидек, озиқ-овқатдан заҳарланиш версияси тасдиқланмади. Оиланинг жароҳат оқибатида вафот этгани белгилари ҳам аниқланмади.

Тергов доирасида қўлга олинган олти киши ҳали ҳам ҳибсхонада сақланмоқда. Улар орасида меҳмонхона эгаси ва зараркунандага қарши кураш компанияси раҳбари бор. Қолган тўрт гумонланувчи озод қилинган. Ваҳоланки, аввалроқ оила овқат харид қилган кўча сотувчилари ҳам вақтинча ушланган эди.

Истамбул прокуратураси қайси модда қўлланганини очиқламади. Бироқ ОАВ, суд-тиббий экспертиза ҳисоботларига таяниб, меҳмонхонада фосфин гази аниқланганини маълум қилди. “Анадолу” давлат ахборот агентлигининг ёзишича, фосфин меҳмонхона хоналаридан олинган намуна ва сочиқларда ҳам топилган.

Алюминий фосфиди зараркунандаларга қарши курашда кўп қўлланади. У сув ёки баланд намлик билан реакцияга киришганда, ўта заҳарли фосфин газини ажратади. Бу газ сут эмизувчи жониворлар организми ҳужайраларини шикастлайди ва юқори концентрацияда қонда кислород ташилишини бузади. Фосфинни нафас орқали қабул қилиш йўтал, қусиш, жигар ва буйрак фаолиятининг издан чиқишига олиб келиши мумкин ва ўлимга ҳам сабаб бўлади.

Пойтахтда СССР байроғини кўтарганлар ҳибсга олинди

Собиқ Иттифоқ парчаланиб, унинг таркибида бўлган давлатлар тўлиқ мустақиликка эришганига анча йиллар ўтганига қарамай, бу давлатларда коммунизмни қумсовчилар бугун ҳам топилади. Мустамлакачилик даврини қумсаган бундай кишилар одатда СССР давридаги байроқлар билан тез-тез кўзга ташланади. Ана шундай кимсалардан айримлари бу гал Озарбайжонда ушланди.

Баку шаҳрида улар коммунистик мафкурани тарғиб қилиш мақсадида СССР байроқлари билан юришга уринди. Ички ишлар вазирлиги томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида юришда иштирок этган ташкилотчилар – Абдулла Иброҳимли, Иброҳим Асадли ва бошқа шахслар аниқланиб, қўлга олинган ва уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Юқорида исми айтилган шахсларга тегишли идора ва хонадонларни кўздан кечириш чоғида коммунистик ғояларни тарғиб қилишга қаратилган кўплаб материаллар, байроқлар, радикализмни тарғиб қилувчи китобларнинг нусхалари, компакт дисклар ва бошқа электрон қурилмалар аниқланиб, олиб қўйилди.

Дастлабки тергов давомида аниқланишича, бу шахслар бошқа давлат кўмаги ва маблағи эвазига офис ижарага олиб, гуруҳ бўлиб иш олиб борган ва вақти-вақти билан учрашувлар ўтказган.


Мақола муаллифи

Теглар

Путин СССР Алмазбек Атамбоев Лукашенко Асқар Акаев Қосим-Жомарт Тўқаев Қурманбек Бакиев Жапаров Роза Отунбаева

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг