Псков аэропортига дрон ҳужум қилди (видео)
Олам
−
30 Август 2023
8078Бугун, 30 августга ўтар кечаси Россиянинг Псков шаҳридаги ҳарбий-фуқаролик аэродромига дронлар томонидан ҳужум қилинди. Бу ҳақда Псков вилояти губернатори Михаил Ведерников маълум қилди.
"Псков аэропортидаги Мудофаа вазирлиги дронларнинг ҳужумини қайтармоқда. Ҳужум бошиданоқ мен шахсан воқеа жойида бўлдим. Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар йўқ", деб ёзган у ўзининг Telegram-каналида.
Дрон ҳужумидан сўнг аэропортда ёнғин чиққан. Қутқарувчи Сергей Лаврухин ёнғин бостирилгани, унинг тарқалиш хавфи, қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқлигини айтган.
Кейинроқ Ведерников Псков аэропортидаги барча рейсларни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинганини маълум қилган. Агар текширув натижаларига кўра, ҳаммаси жойида бўлса, аэропорт эртага, 31 август куни ишини давом эттиради.
ТАСС хабарига кўра, тўртта Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти шикастланган.
Мудофаа вазирлиги Рязан, Орлов, Брянск, Калуга ва Москва вилоятларида, шунингдек, Севастополь кўрфазида дрон ҳужумлари ҳақида маълум қилган.