Сал бет бўлиши керак – Кушербоев “Ўзавтосаноат” ерни аукционсиз олишини танқид қилди

Жамият

image

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев “Ўзавтосаноат” АЖ 100 гектарлик суғориладиган ер майдонини беғараз ҳамда аукционсиз қўлга киритмоқчи эканлигини танқид қилди.

“Имтиёзлар иқтисодиётда ҳалол рақобатнинг йўқолиб, истеъмолчиларга танловсиз, сифати паст маҳсулот ва хизматлардан мажбуран фойдаланишга олиб келиши мумкин”, дейди Кушербоев.

Депутатнинг сўзларига кўра, сўнгги вақтларда айрим монополистларга берилаётган алоҳида устун ҳуқуқлар аҳоли ижтимоий кайфиятига салбий таъсир ўтказмоқда.

“Аҳоли шу соҳада ўзи истаган сифатли, арзон маҳсулот ва хизматдан фойдалана олмаяпти. Булар қаторига боқиманда “Ўзавтосаноат” таркибидаги корхоналарга берилаётган имтиёзлар ҳам киради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Махсус саноат зонаси “Андижон вилояти саноат хаби”ни ташкил этиш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасида кўзда тутилган имтиёзлар шундай хулосага олиб келяпти: ҳалол ва тенг шароитда ишлашга ишонган корхона ўз мақсадларига Президент номидан фойдаланиб эришмайди”, дейди депутат.

У сўзида давом этиб, имтиёзлар оғушидаги “Ўзавтосаноат” 100 гектар суғориладиган ер майдонларини беғараз олмоқчилиги қарор лойиҳасининг энг тоқат қилиб бўлмас жиҳати эканини таъкидлаб ўтган.

“Лойиҳадаги тоқат қилиб бўлмас вазият: айрим юртдошларимиз иложсизликдан бир парча суғориладиган ерда “ўзбошимча”, деб топилаётган бошпаналарининг бузилишидан ҳадиксираб кун ўтказаётган бир вақтда узоқ йиллар шоҳона имконият ва имтиёзлар қуршовида яшаган “Ўзавтосаноат”га (Саноат хаби) яна 100 гектарлик суғориладиган ер майдони беғараз берилмоқчи. 5-6 сотихмас 100 гектар”, дейди Кушербоев.

Депутат масаланинг бир учини озив-овқат хавфсизлигига боғлаган ва суғориладиган ерни эгаллаётган монополистларни танқид қилган.

“Кулгилиси озиқ-овқат хавфсизлигига “ўзбошимча” уй қуриб яшаётган камбағал аҳоли хавф соляпти, деб бонг урамиз, камбағални қийнаймиз. Юзлаб гектар суғориладиган ерларни эгаллаётган монополистлар эса оппоқ, идеал.

Бу ҳам етмагандек ҳамма ерни аукцион орқали олса, “Ўзавтосаноат” аукционсиз олмоқчи. 

“Проста” без эмас, сал бет бўлиши керак”, дейди халқ вакили.

Унга кўра, “Ўзавтосаноат” таъсис этадиган корхона 100 гектар ердан ташқари 2023 йил 1 январга қадар  импорт қилинадиган қурилиш материаллари, ускуналар, қурилиш техникаси, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар, металл конструкцияларини хориждан олиб келишда божхона тўловларидан озод бўлмоқчи. 

“Яна имтиёз… Умид қиламанки, адолатли, кучли фуқаролик жамияти қуриш йўлида кетаётган бир вақтда “бир тўда” кўзга кўринмас шахсларнинг лоббизми эканлиги кўриниб турган бундай лойиҳа қабул қилинмайди”, дея сўзини якунлаган Расул Кушербоев.


Мақола муаллифи

Теглар

Расул Кушербоев

Баҳолаганлар

763

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг