Прокурор Қирғизистоннинг собиқ президентини 11 йилга қамашни сўради

Олам

image
Қирғизистон собиқ бош прокурори ҳибсга олинди north_east

Қирғизистон собиқ бош прокурори ҳибсга олинди

Қирғизистоннинг 2011-2017 йиллардаги собиқ президенти Алмазбек Атамбаев 11 йилга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Бу ҳақда “24.kg”  хабар берди.

Шунингдек, Бишкекда бўлиб ўтаётган судда Атамбаев билан бир қаторда Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ ишчиси, собиқ давлат раҳбарининг қўриқчиси Қанат Сағимбоев эса 11,5 йилга қамалиши мумкин. Давлат айбловчиси томонидан яна 3 киши – парламентнинг собиқ аъзоси Равшан Жеенбеков, Атамбаевнинг партиядоши Фарҳод Баабиев ҳамда президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Фарид Ниёзовнинг ҳар бирига 10 йиллик қамоқ жазоси сўралган.

Суд жараёнлари 2019 йилнинг август ойида мамлакатнинг Қўйтош қишлоғида содир бўлган тартибсизликлар ортидан ўтказилмоқда. 2019 йилнинг 7 август куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси махсус бўлинмалари Алмазбек Атамбаевнинг Қўйтошдаги қароргоҳига бостириб киришга уринди. Эртаси куни Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг ҳамкорлигида турар-жой эгасини қўлга олиш бўйича навбатдаги махсус операция ўтказилди. Хавфсизлик кучлари Атамбаевни қишлоқдан олиб чиқишга муваффақ бўлди. Қўллаб-қувватловчилар хавфсизлик кучларига тош отишни, шиналар ва чиқиндиларни ёқиб юборишни бошлади. Икки кунлик тўқнашувларда 136 киши тан жароҳати олди, махсус бўлинманинг бир аскари ўқ жароҳатидан ҳалок бўлди.

Қирғизистоннинг собиқ президентига нисбатан бир нечта жиноий иш қўзғатилган, жумладан, Қўйтош қишлоғидаги тартибсизликлар, коррупция ва жиноий даромадларни легаллаштириш бўйича. Шунингдек, у Туркия фуқароларига ноқонуний паспорт бериш ва 2020 йилнинг октябрь ойида оммавий тартибсизликлар уюштирганликда ҳам айбланган эди, бироқ у оқланган.

Президентлик даврида Атамбаев ҳақида анча ижобий фикр билдирилган. Хусусан, америкалик инвестор, “Сорос” жамғармаси сифатида танилган ташкилотлар тармоғининг яратувчиси Жорж Сорос у ҳақида “Қирғизистон коррупциясиз президентга эга бўлгани учун бахтиёр” дея коррупция ботқоғига ботиб кетмаган шахснинг ҳокимият тепасига келиши мамлакатнинг демократик ривожланиши учун фойдали эканини таъкидлаганди. Россия Президенти Владимир Путин эса Атамбаевни “сўзида турувчи, у билан нимадир бўйича келишиб олиш баъзан қийин бўлади, лекин бирор нарса бўйича келишиб олганимиздан кейин у эришилган келишувларга амал қиладиган шахс” деб таърифлаганди.

Атамбаев 2020 йилнинг июнь ойида Батукаевни ноқонуний равишда озод қилишда айбдор деб топилиб, мулкини мусодара қилиш ва давлат мукофотларидан маҳрум қилиш билан 11 йилу 2 ойга озодликдан маҳрум этилган эди. 2023 йил 13 февралда Қирғизистон Олий суди янги очилган ҳолатлар туфайли ҳукмни бекор қилганди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг 20 ноябрь куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари мамлакат парламентининг собиқ спикери Қанатбек Исаевни ҳибсга олганди. Сиёсатчи уюшган жиноий гуруҳларга алоқадорликда гумонланиб, ҳибсга олинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг