Прокуратура ва ИИО ходимлари QALAMPIR.UZ журналистига таҳдид қилгани бўйича текширув бошланди
Жамият
−
07 Сентябрь 2021
13990Аввалроқ, тадбиркор мурожаатига кўра Юнусобод туманида ўрганиш ўтказган QALAMPIR.UZ журналисти прокуратура ва ички ишлар ходимлари таҳдидига учрагани ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистон Бош прокуратураси мазкур ҳолатга эътибор қаратиб, ўрганиш бошланганини маълум қилди.
“QALAMPIR.UZ сайтида “QALAMPIR.UZ журналистига прокуратура ва ички ишлар ходимлари томонидан таҳдид қилинди” номли видеохабар чиқарилган.
Хабарда кўрсатилган ҳолатлар Бош прокуратура томонидан ўрганилмоқда”, дейилади хабарда.
БП Матбуот котиби ўрганиш натижалари ҳақида қўшимча хабар қилинишини таъкидлаган.
Маълумот учун, кеча, 6 сентябрь куни тадбиркорлар мурожаатига кўра, таҳририятими жамоаси – журналист Феруза Нажмиддинова ва юрист-консультант Шоҳруҳ Олимжонов, оператор Хўжамиёр Холматов Юнусобод тумани 2-мавзега етиб борганди.
QALAMPIR.UZ ижодий жамоаси ҳудудда ҳақиқатан ҳам тадбиркорлар томонидан қурилаётган 14 та дўкон суд қарорисиз бузилаётганига гувоҳ бўлган.
Воқеа жойида бўлган прокуратура ходими видеоларни ўчириш, акс ҳолда журналистни ва унга ҳамроҳлик қилаётган QALAMPIR.UZ ходимларини Ички ишлар бўлимига олиб бориш ва керакли жойда гаплашиш билан таҳдид қилган.
Айни вақтда мазкур ҳолат акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалмоқда. Бироздан сўнг QALAMPIR.UZ гувоҳ бўлган ҳолат бўйича тўлиқ лавҳа эълон қилинади.
LiveБарчаси