Профессор Темуржон Отақўзиев 85 ёшида вафот этди
Жамият
−
05 Июль 2021
4082Жорий йил 2 июль куни техника фанлари доктори, профессор, силикатли қийин эрувчан нометалл материаллар технологияси ва ноорганик моддалар технологияси соҳасидаги таниқли олим Темуржон Отақўзиев 85 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Тошкент кимё-технология институти ўқитувчиси Бекзод Ҳақназаров хабар берди.
Маълумот ўрнида, Темуржон Отақўзиев Ўрта Осиё политехника институтининг кимё-технология факултети ва ЎзССР Фанлар академияси Кимё институтида аспирантурани тамомлаган. 1964—1967-йилларда Кимё институтида ишлаган, 1968 йилдан бошлаб Тошкент политехника институтида (ҳозирги Тошкент давлат техника университети) фаолият кўрсата бошлаган. Бу ерда у катта ўқитувчиликдан кафедра мудири, декан ва ўқув ишлари бўйича проректор лавозимига қадар йўлларни босиб ўтган.
Ҳаётининг сўнгги йилларида Тошкент кимё-технология институтида профессор бўлиб ишлаётган Темуржон Отақўзиев қатор афзалликлари эга янги цемент турини яратишга қўшган меҳнати билан машҳур.
Унинг тадқиқот йўналишларидан бири саноат чиқиндиларини утилизация қилишга қаратилган бўлган. Хусусан, у қурилиш материаллари – цемент, гидравлик қўшимчалар ва бошқа материалларни ишлаб чиқаришда фосфор гипсни утилизация қилишнинг оптимал вариантини топган.
Темуржон Отақўзиев – 1000 дан ортиқ илмий ишлар муаллифи. Улар орасидан монографиялар, дарсликлар ва қўлланмалар, терминологик ва изоҳли луғатлар, илмий-оммабоп рисолалар, ихтиролар учун патентлар ва муаллифлик гувоҳномалари ўрин олган. Унинг раҳбарлигида 42 фан номзоди ва 7 фан доктори ҳимоя қилган.
2007 йилда Темуржон Отақўзиев “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.
Юлдуз Абдурашидова
LiveБарчаси