Президент Жаҳонгир Ортиқхўжаевни ишдан олди
Жамият
−
16 Январь 2023
40470Президент ҳузурида энергия ресурслари таъминоти юзасидан йиғилиш бошланди.
"Мен совуқдан қийналаётган ҳар бир оила, ҳар бир инсоннинг кайфиятини, ҳиссиётини чуқур ташвиш ва изтироб билан юрагимдан ўтказаяпман", дейди давлат раҳбари.
Юзага келган вазият соҳалар ҳамда ҳудуд раҳбарларининг бугунги кунгача қандай ишлаганини яққол кўрсатиб қўйгани таъкидланди. Айниқса, Тошкент шаҳрининг барча даражадаги раҳбарлари бугунги ҳолатга тайёр эмаслиги кескин танқид қилинди.
Пойтахтнинг Бош режаси ҳалигача тасдиқланмагани натижасида рухсатсиз қурилган объектлар сони 250 дан ошиб кетгани, қурилишга рухсат берилганда, мавжуд инфратузилмага юклама бўйича аниқ ҳисоб-китоб қилинмаётгани, бозорларда озиқ-овқат музлаб қолмаслиги учун, нарх-наво ошиб кетмаслиги учун чора кўрилмаётгани учун пойтахт мутасаддиларига қатъий эътироз билдирилди.
Шу боис, вазиятга олдиндан баҳо бериб, қиш мавсумига лозим даражада тайёргарлик кўрмагани учун бугун Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев лавозимидан озод этилди.
Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи, Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев шаҳар прокурори этиб тайинланди.
Маълумот учун, 48 яшар Жаҳонгир Ортиқхўжаев бундан бундан 5 йил аввал, 2018 йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳар ҳокими лавозимига тайинланган эди. Бунгача у давлат ишида фаолият юритмаган, тадбиркорлик билан шуғулланган.
Президент Шавкат Мирзиёев уни илк бор халққа Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг 2018 йил 30 апрель – 1 май кунлари амалга оширган ташрифи доирасида Тошкентда бўлиб ўтган бизнес форумида таништириб, янги ҳоким мутлақо бошқа муҳитдан етишиб чиққани, бюрократия тизимида ишламагани, ҳақиқий тадбиркор эканлигини айтганди.
“Биринчи марта Ўзбекистон тарихида ишбилармон, ўзим ишонган ишбилармонни Тошкент шаҳар ҳокими қилиб тайинладим. Бу тарихда бўлмаган”, деган эди. Мирзиёев.
LiveБарчаси