Президент Ўзбекистон халқини Рамазон ҳайити билан табриклади
Жамият
−
09 Апрель
4162Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқина Рамазон ҳайити билан табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
“Аввало, муқаддас динимиз буюрган ибодат ва амалларни муборак Рамазон ойида чин дилдан, ихлос билан адо этиб, бугун ҳайит айёмини катта шоду хуррамлик билан кутиб олаётган сиз, азизларни, юртимиздаги жамики мўмин-мусулмонлар, бутун халқимизни самимий табриклаб, барчангизга ўзимнинг юксак эҳтиромим ва энг эзгу тилакларимни изҳор этаман. Шундай саодатли дамларга етказгани учун Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар бўлсин! Сидқидилдан қилган дуо ва ниятларимиз, эҳсон ва амалларимизни Парвардигори олам ўз даргоҳида қабул айласин! Инсон қадрини улуғлайдиган савобли ишларимиз бардавом бўлсин!” дейилади Президент табригида.
Давлат раҳбари ислом дини – тинчлик, эзгулик ва инсонпарварлик дини эканини урғулаган.
“Муқаддас китобларимизда “Тинчлик-омонлик, ўзаро дўстлик ва аҳилликка интилиб яшаш – чин мўминга хос фазилатдир”, деб таъкидлангани ҳам бу фикрни тасдиқлайди”, дейди Мирзиёев.
Президент бу йилги Рамазони шариф кунларида ана шу қадриятлар ҳаётимизда янада ёрқин намоён бўлганини айтди. Билдирилишича, кўмакка муҳтож инсонлар учун 20 миллиард сўмдан зиёд моддий ёрдам кўрсатилиб, маҳалла ва хайрия ташкилотлари томонидан барча ҳудудларимизда ифторлик ва эҳсон маросимлари ўтказилган.
“Айниқса, 25 март оқшомида Наманганда Фарғона водийсидаги учта вилоят жамоатчилиги вакиллари иштирокида ўтказилган, бутун мамлакатимиз маҳаллаларини қамраб олган ифторлик маросимлари кўпмиллатли Ўзбекистон халқини бамисоли бир дастурхон атрофида бирлаштириб, ушбу ойга хос эзгу фазилатларнинг яна бир мужассам ифодаси бўлди”, дейилади Президент табригида.
Янги масжидлар барпо этилётгани, улуғ алломалар, азиз-авлиёларимизнинг қадамжолари обод қилинётгани, миллий ва диний қадриятлар тикланётгани қайд этилди. Муборак Ҳаж ва Умра зиёратлари учун кенг имкониятлар очилётгани қўшимча қилинди.
“Мана, бу йил ҳам Рамазон ҳайити муносабати билан юртимизда уч кунлик дам олиш эълон қилинди. Бу эса байрамни янада файзли ва мазмунли ўтказишга, ўзаро меҳр-мурувват ришталарини боғлашга хизмат қилади, албатта.
Ҳеч шубҳасиз, бу борадаги ишлар келгусида ҳам давом эттирилади. Бунинг учун ҳозир дунёда юзага келган ғоят мураккаб ва таҳликали вазиятда диёримиздаги тинч ва осойишта ҳаётни кўз қорачиғидек асраб, янада ҳамжиҳат бўлиб, халқ манфаатини таъминлашга қаратилган ислоҳотларимизни янги босқичга кўтариш зарурлигини, ўйлайманки, барчамиз яхши англаймиз”, дейилади табрикда.
Таъкидланишича, айни вақтда ёшларни азалий қадриятлар билан бирга замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган инсонлар этиб тарбиялаш асосий бурч эканини доимо ёдда тутиш лозим.
“Эзгулик – шиоримиз, маърифат – қуролимиз” деган шиор асосида таълим масканлари ва маҳаллаларда олиб борилаётган тарбиявий ишларни кучайтиришимиз керак. Бу борада Ҳаж ва Умра сафарларига бориб келган юртдошларимизнинг “маҳалла еттилиги” ва фаолларимиз билан бирга алоҳида ўрнак кўрсатиш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз.
Яратганнинг раҳмати ва мағфирати зиёда бўлиб турган ушбу мунаввар лаҳзаларда хориждаги юртдошларимизни, узоқ ва яқин давлатлардаги барча мусулмон умматини Рамазон ҳайити билан сидқидилдан муборакбод этамиз”, дейди Мирзиёев.
Қалбларимиз қувончга тўлган мана шу мўътабар айёмда сизларни муборак Рамазон ҳайити билан яна бир бор чин юракдан қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Илоҳим, барча эзгу ниятларимиз амалга ошсин
Яратганимизнинг ўзи эл-юртимизни паноҳида асрасин!
Рамазон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!