Президент Усмонхон Алимовни “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирлади

Жамият

image

Бугун, 6 январь Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев фармонига асосан “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланди.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов 1950 йилда Самарқанд вилояти Иштихон туманида зиёли оилада таваллуд топган. 1982-1983 йилларда Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида, 1983-1987 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида, 1989-1990 йилларда эса Марокашнинг “Каравийн” дорилфунунида таҳсил олган.

Муфтий Усмонхон Алимов Самарқанд вилояти Пайариқ туманида жойлашган Имом Бухорий номидаги жоме масжидида 1980-1982 йилларда имом ноиби вазифасида, 1987-1989 йилларда, сўнгра яна 1990-2006 йиллар мобайнида ушбу масжиднинг имом-хатиби сифатида фаолият юритган. Шу билан бирга, 2000-2006 йилларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби лавозимида ишлаган.

Усмонхон Алимов ҳазратлари 2006 йил 8 августда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига тайинланиб, 14 йилдан буён шу лавозимда самарали фаолият олиб бормоқда.

Муфтий Усмонхон Алимов 2012 йилда Диний идора тарихида илк бор Ислом олами уюшмаси таъсис мажлисининг аъзоси ҳамда Бутун дунё уламолар кенгаши аъзоси этиб сайланган.

Сўнгги йилларда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари халқаро эътибор ва эҳтиром сабаб Уммон Султонлиги Исломий стратегик тадқиқотлар маркази томонидан 2019 йил 30 сентябрда эълон қилинган “Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхатидан муносиб ўрин эгаллади.

Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари йигирмадан ортиқ китоб ва юздан зиёд илмий-оммабоп мақола муаллифи ҳисобланади ҳамда теле, радио дастурларда долзарб мавзуларда чиқишлар қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Усмонхон Алимов орден

Баҳолаганлар

316

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг