Президент трансформация қилинадиган йирик давлат корхоналари рўйхатини тасдиқлади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Фармон билан:

•    Трансформация қилинадиган йирик давлат корхоналари ва хўжалик бирлашмалари рўйхати;

•    Корпоратив бошқарув ва молиявий аудит жорий этиладиган, операцион самарадорлиги ошириладиган давлат иштирокидаги корхоналар рўйхати;

•    Хусусийлаштиришдан олдин тайёрлаш ва инвестициявий жозибадорлигини оширишнинг манзилли дастурлари орқали оммавий савдоларга чиқариладиган давлат активлари рўйхати;

•    Давлат акция пакетлари (улушлари) тўлиғича оммавий савдолар орқали хусусий секторга сотиладиган корхоналар рўйхати;

•    Хусусий секторга сотиладиган давлат кўчмас мулки объектлари рўйхати тасдиқланди.

Шунингдек, Молия вазирлиги марказий аппарати тузилмасида бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 24 та штат бирлигидан иборат Давлат иштирокидаги йирик корхоналарни трансформация қилиш департаменти ташкил этилиши белгиланди.

Мазкур штат бирликлари молия ва давлат солиқ хизмати органларининг 12 тадан штат бирлигини қисқартириш ҳисобидан шакллантирилади.

Департаментнинг асосий вазифалари этиб трансформация қилинадиган йирик давлат корхоналари ва хўжалик бирлашмаларида қуйидагиларни амалга ошириш белгиланди:

•    Молия вазирлиги томонидан давлат номидан акциядор (иштирокчи, мулкдор) ваколатлари ва функцияларини амалга оширишни ташкил этиш;

•    2021 йил 1 апрелга қадар 2019–2020 йиллар учун молиявий ҳисоботларни халқаро молиявий ҳисоботлар стандартлари (IFRS) асосида тайёрлаш ҳамда халқаро кредит рейтингларини олиш графигини Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритиш;

•    2021 йил 1 апрелга қадар ҳар бир корхона учун нуфузли халқаро консалтинг ташкилотларини танлов асосида жалб қилган ҳолда молиявий соғломлаштириш, операцион самарадорликни ошириш ҳамда ўрта ва узоқ муддатли ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқиш;

•    2021 йил 1 июлга қадар харидлар ва бошқарув тизимларини аудитдан ўтказиш ҳамда “мувофиқлик тизими” (комплаенс) ва коррупцияга қарши хизматларни шакллантиришни назарда тутадиган замонавий корпоратив бошқарув тизимини жорий этиш;

•    2021 йил 1 июлга қадар кузатув кенгашларига ва корхоналар бошқарувига халқаро танлов асосида чет эллик соҳа мутахассисларини (жумладан, ватандошларни) фаол жалб этиш орқали кузатув кенгашлари таркибининг камида 30 фоизини ва корхона бошқарувининг камида 3 нафар раҳбар ходимини малакали халқаро мутахассислар билан тўлдириш.

Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида электр энергияси корхоналарини трансформация қилиш бўйича йиғилиш ўтказганди. Унда давлат раҳбари 2020-2021 йилларда электр энергияси учун тарифларни оширмасликка кўрсатма берди.


Мақола муаллифи

Теглар

фармон корхона трансформация

Баҳолаганлар

138

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг