Президент Тошкентда кўллар сонини 12 тага етказишни буюрди
Жамият
−
29 Апрель 2606 2 дақиқа
Тошкент шаҳридаги сунъий кўллар сони 12 тага етказилади. Бу ҳақда бугун, 29 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев гидроэнергетика соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот билан танишиши чоғида масъулларга топшириқ берди.
Қайд этилишича, тақдимотда пойтахт ҳудудидаги дарё ва каналлар бўйларини ободонлаштириш, шаҳарда салқин микроиқлим яратиш мақсадида сунъий кўл ва ҳавзалар барпо этиш бўйича ишлар тўғрисида ахборот берилган.
Жумладан, Чирчиқ дарёсининг пойтахт ҳудудидан ўтувчи 16 километр қисмини ободонлаштириш ҳисобига 306 гектар ер майдонида “Дарё бўйи” лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган.
Лойиҳа доирасида дарё қирғоқларини мустаҳкамлаш, яшил ҳудудлар барпо этиш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштириш ишлари амалга оширилади. Бектемир канали бўйида 187,3 гектар майдонда “яшил белбоғ” яратилади, сайилгоҳлар барпо этилади. Пиёдалар ва велойўлаклар, ички йўллар, ёритиш тизимлари ҳамда кўприклар қурилади.
Пойтахтда 4 та сунъий кўл ва сув ҳавзаларини ташкил этиш лойиҳаси ҳам тақдимот қилинган. Президент аҳоли учун қулай шароитлар, шаҳарда салқин микроиқлим яратишга бу камлик қилишини қайд этиб, кўллар сонини 12 тага етказишни топширган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида 108 гектарлик Миллий дендрология боғи қурилиши ҳақида хабар берилган эди. Боғнинг марказий қисмида 1 гектарлик сунъий кўл ва унинг атрофида сакура боғи ташкил қилиш режалаштирилган.
Live
Барчаси