20 август “Тадбиркорлар куни” деб эълон қилинди

Жамият

image

Бугун, 20 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда 20 августни “Тадбиркорлар куни”, деб эълон қилди.  

“Мен бундан жуда ҳам мамнун бўлдим. Бугунги тажрибамиздан келиб чиқиб, ушбу учрашувларни ҳар йили ташкил этсак, буни яхши бир анъанага айлантирсак. 

Шу муносабат билан бугунги санани, яъни 20 августни мамлакатимизда “Тадбиркорлар куни”, деб эълон қилиб, уни ҳар йили юртимизда кенг нишонласак, бу ташаббусга нима дейсизлар”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Таъкидланишича, эндиликда ҳар йилнинг ушбу санасида энг илғор бизнес вакиллари Президент томонидан давлат мукофоти билан ҳам тақдирланади.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг тадбиркорлар билан учрашуви олдидан “Мамлакатда ишбилармонлик муҳитини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган тадбиркорларнинг бир гуруҳига миннатдорчилик билдириш тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди.

Давлат раҳбари кейинроқ бизнес вакиллари билан учрашув пайтида юқоридаги фармойишини қуйидагича изоҳлади:

“Биз доимо изланиб, янгиликка интилиб яшайдиган тадбиркорларимизни, ўз ишига фидойи ва жонкуяр, ватанпарвар инсонлар деб биламиз ва уларни қадрлаймиз.

Айниқса, мураккаб пандемия давридаги синов  ва қийинчиликлар пайтида ҳам, халқимизга мададкор бўлиб,  ўз бизнесини нафақат сақлаб қолган, балки янги иш ўринларини яратиб, муҳтожларга кўмак бераётган ҳамда ишлаб чиқариш ва экспортни оширган  тадбиркор дўстларимга бугун чин қалбимдан раҳматлар айтаман.

Ана шундай фаол  ва фидойи тадбиркорларнинг 100 нафарига чуқур миннатдорчилик рамзи сифатида,  биринчи маротаба Ўзбекистон Республикаси Президентининг миннатдорчилик хатини имзоладим.

Фурсатдан фойдаланиб, ана шундай эътирофга сазовор бўлган фидойи, ватанпарвар, саховатпеша ва ғайратли тадбиркор ва ишбилармонларга,  такроран чуқур ташаккур билдираман  ва сизларнинг сафингиз, бутун мамлакатимиз бўйлаб, кун сайин ошиб боришига астойдил ишонаман”, деган Шавкат Мирзиёев.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

73

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг