Президент саройидаги жанжал: “Толибон” раҳбарлари ўртасида жиддий зиддият бошланди
Олам
−
15 Сентябрь 2021
48246Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган “Толибон” раҳбарлари ўртасида жиддий зиддият бошланди. Бу ҳақда BBC ҳаракат таркибидаги манбасига таяниб, хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Президент саройида бўлиб ўтган учрашувда “Толибон” асосчиларидан бири — Бош вазир ўринбосари Абдул Ғани Бародар Қочқинлар масалалари бўйича вазир, “Ҳаққоний” тармоғининг таниқли вакили Халил Раҳмон Ҳаққоний билан жанжаллашган. Можарода ҳар бир томоннинг тарафдорлари ҳам қатнашган.
Маълум қилинишича, ушбу воқеа ўтган ҳафта юз берган. Можаро ҳақидаги маълумотни “Толибон” ҳаракатининг юқори мартабали аъзоси ҳамда жанжалнинг иштирокчилари билан бевосита таниш бўлган шахс тасдиқлаган. Баҳсга Бародарнинг янги ҳукумат тузилмасидан норозилиги сабаб бўлган.
Таъкидланишича, баҳснинг асл илдизи “Толибон” ғалабасининг асосий “меъмори” ким, деган саволга бориб тақалади. Бародарнинг фикрича, “Толибон”нинг ҳокимият тепасига келиши музокаралар ва дипломатия билан шуғулланганларнинг, яъни унга ўхшаш одамларнинг хизматидир. Шу билан бирга, “Ҳаққоний тармоғи”нинг юқори мартабали аъзолари ҳамма нарсани уларнинг ҳарбий ютуқлари ҳал қилган, деб ҳисоблайди.
Қайд этиш керакки, айнан Бародар АҚШ Президенти билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб борган “Толибон”нинг биринчи юқори мартабали амалдоридир. У 2020 йилда Дональд Трамп билан телефонда гаплашган. Бундан олдин эса у Доҳада Америка қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши кўрсатилган шартномани имзолаган.
“Ҳаққоний тармоғи” эса сўнгги йилларда Афғонистон Қуролли кучлари ва унинг ғарблик иттифоқчиларига қарши жанг қилган. АҚШ ҳукумати, худди Россия каби, ушбу тармоқни террорчилик ташкилоти, деб билади. Шу билан бирга, “Ҳаққоний тармоғи” раҳбари Сиражуддин Ҳаққоний Афғонистон янги ҳукуматида Ички ишлар вазири этиб тайинланганини эсдан чиқармаслик керак.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 август куни мамлакатда ҳокимиятни эгаллаган толиблар, 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлигини тузди. Жорий йилнинг 6 сентябрь куни “Толибон”га бўйсунмай турган ягона вилоят – Панжшер эгаллангач, 7 сентябрь куни ҳаракат раҳбарлари муваққат ҳукумат тузди.
LiveБарчаси