Президент педофилия учун умрбод қамоқ жазосини маъқуллади
Жамият
−
16 Февраль 10704 3 дақиқа
Аввалроқ, Ўзбекистонда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастури” лойиҳаси билан Ўзбекистонда 14 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан содир этилган жинсий жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум этишгача бўлган жазо чораларини белгилаш кутилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев педофилия учун умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосини жорий қилишни маъқуллади. Бу ҳақда бугун, 16 февраль куни Шавкат Мирзиёев энг устувор ислоҳотлар дастурлари ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2026 йилда амалга ошириш бўйича Давлат дастури лойиҳалари юзасидан ахборот билан танишуви чоғида маълум қилинди.
Йиғилишда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик учун жазони кучайтириш, педофилия учун умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосини жорий этиш, ипотека ва электромобиль хариди учун кредит механизмларини такомиллаштириш, қайта тикланувчи энергия манбаларининг улушини 30 фоизга етказиш, коррупцияга қарши курашишни янги босқичга олиб чиқиш, жиноят ишлари бўйича судларда халқ вакиллари ҳайъати иштирокини йўлга қўйиш каби ташаббуслар қўллаб-қувватланган.
Шунингдек, маҳалла маблағлари сарфи бўйича очиқ ҳисобдорликни кучайтириш, маҳаллаларда ички йўллар, пиёдалар ва велойўлакларни ташкил этиш, бизнес-инкубаторлар яратиш, саноат зоналари ҳузурида касбий қайта тайёрлаш марказлари очиш, дарахт кесиш учун жавобгарликни қатъийлаштириш, энергия самарадорлиги бўйича KPI жорий этиш, утилизация ва қайта ишлаш занжирини йўлга қўйиш каби таклифлар қизиқарли деб топилган.
Бундан ташқари, АҚШ, Германия, Туркия, Франция, Канада, Корея, Япония, Швеция, Португалия ва Қозоғистонда ўзбекистонликлар иштирокида муҳокамалар ташкил этилиб, 60 га яқин қўшимча таклифлар олинган.
Хориждаги ўзбекистонликлар нодавлат мактаблар фаолиятини ривожлантириш учун аниқ, барқарор ва шаффоф лицензиялаш ҳамда назорат механизмларини жорий этиш, амалиёт жараёнида ўқувчиларни йўналтирувчи корхона мутахассислари учун рағбатлантириш ва масъулият тизимини татбиқ қилиш, бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони бўйича хавф гуруҳларини аниқ белгилайдиган ягона рақамли скрининг тизимини жорий этиш, имтиёзли кредитларни ажратишда “натижага боғланган имтиёз” (performance-based subsidy) моделини, экспорт қилувчи корхоналар учун эса “Export-as-a-service” моделини жорий қилиш, яъни логистика, божхона, сертификатлаш, маркетинг ва тўлов масалаларини ягона оператор орқали комплекс хизмат сифатида тақдим этиш, адвокатлар учун электрон навбат олиш жараёни бўйича қўлланма ва видеойўриқномалар тайёрлаш каби таклифларни билдирган.
Дастурлар ижросини молиялаштиришга жами 250,5 триллион сўм ажратилиши ва 50,4 миллиард доллар маблағ жалб қилиниши кўзда тутилган.
Live
БарчасиАрманистонда отишма юз берди. Қурбон бор
18 Февраль