Президент пайғамбар ёшидан ошган Алиевга табрик йўллади
Жамият
−
20 Декабрь 1449 2 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 декабрь куни 64 ёшга тўладиган Илҳом Алиевга табрик мактубини йўллади. Бу ҳақда Озарбайжон Президентининг ахборот хизмати хабар бермоқда.
Президент озарбайжонлик мавқедошини таваллуд айёми муносабати билан самимий қалбдан табриклаб, энг эзгу тилакларини билдиришдан катта мамнуният туйғусини ҳис этганини таъкидлаган. Мирзиёев Алиевни азалий қардош бўлган Озарбайжон халқининг чин ватанпарвар ва фидойи фарзанди, доно ва садоқатли етакчиси, бугунги даврнинг йирик давлат арбоби, халқаро миқёсда юксак ҳурмат ва нуфузга эга буюк сиёсатчи сифатида яхши тан олиши ва юксак баҳолашини қайд этган.
Ўзбекистон раҳбари Илҳом Алиевнинг бошқарув соҳасидаги бой билим ва тажрибаси, узоқни кўра биладиган, доно ва самарали сиёсати натижасида Озарбайжоннинг нафақат ҳудудий яхлитлиги тиклангани, балки унинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузи йилдан-йилга янада мустаҳкамланиб бормаётганини урғулаб, Алиев илгари сурган муҳим минтақавий ва глобал ташаббусларнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланаётганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтган.
Табрикда Илҳом Алиевнинг дўст ва қардош давлатлар ўртасида стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлидаги катта хизматлари ҳамда қатъиятли саъй-ҳаракатлари туфайли қардошлик алоқалари мутлақо янги сифат босқичига кўтарилгани ҳам мамнуният билан қайд этилиб, олдинга қўйилган юксак мақсадларга эришиш йўлида биргаликдаги саъй-ҳаракатлар, олий даражада олиб борилаётган фаол ва конструктив мулоқот натижасида кўп қиррали ва узоқ муддатли ҳамкорлик қардош ўзбек ва озарбайжон халқларининг умумий тараққиёти йўлида бундан буён ҳам самарали ривожланишига қатъий ишонч билдирилган.
“Азиз дўстим, ҳаётингиздаги ушбу қувончли ва унутилмас сана муносабати билан Сизни яна бир бор самимий қалбдан табриклаб, Улуғ Тангридан Сизга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт-саодат, мамлакатингиз тинчлиги ва фаровонлиги йўлида олиб бораётган масъулиятли давлат фаолиятингизда янги-янги ютуқлар, қардош Озарбайжон халқига эса тинчлик, осойишталик ва барқарор тараққиёт тилайман”, дейилади табрик якунида.
Маълумот учун, Озарбайжоннинг 4-президенти Илҳом Алиев 1961 йилда пойтахт Бакуда туғилган. У 2003 йилдан буён 22 йил давомида президентлик курсисини эгаллаб келмоқда. Илҳом Алиев 2003, 2008, 2013, 2018 ва 2024 йилларда ўтказилган президент сайловларида ғалаба қозонган. Унгача – 1993-2003 йилларда мамлакатни Илҳом Алиевнинг отаси Ҳайдар Алиев бошқарган.
Live
Барчаси