Президент OTP банки раисини қабул қилди
Жамият
−
21 Август 2023
3852Кеча, 20 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Будапешт шаҳрига ташрифи доирасида Европанинг етакчи OTP банки бошқаруви раиси Шандор Чаньини қабул қилди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Шавкат Мирзиёев Венгрия ишбилармонлари билан ҳамкорликдаги биринчи йирик лойиҳа муваффақиятли амалга оширилгани – OTP банки Ўзбекистон бозорига кирганини таъкидлаган.
“Ипотека-банк”ни хусусийлаштириш бўйича битимнинг муваффақияти хорижий инвесторларга муҳим ишора бўлгани ва уларнинг Ўзбекистонга қизиқишини оширгани қайд этилган.
Учрашувда Ўзбекистон банк-молия соҳасини ривожлантириш, шу жумладан хизматлар сифатини ошириш, шунингдек, бизнес учун инновацион ва арзон маҳсулотларни жорий этиш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.
Саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор тармоқлардаги қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва илгари суришнинг самарали молиявий воситаларини тез фурсатда ишга тушириш муҳимлиги таъкидланган.
Банк раҳбари Шандор Чаньи Венгрия компаниялари ўз инвестициявий фаолиятини кенгайтиришига яратилган қулай шароитлар учун Ўзбекистон етакчисига миннатдорлик билдирган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг декабрь ойида OTP гуруҳи “Ипотека-банк” банкини сотиб олганди. Тошкент шаҳрида OTP банки номидан “Ипотека-банк” банкини хусусийлаштириш бўйича олди-сотди шартномаси имзоланди. Ҳужжатни OTP Банк Бошқарув раиси ва Бош ижрочи директори Шандор Чаньи ва Бош директор ўринбосари Ласло Вольф, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги номидан Молия вазири Тимур Ишметов, Ўзбекистон Республикаси номидан Бош вазир ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев имзолади.