Президент Наманганга сафарини бошлади
Жамият
−
18 Февраль 2021
10625Бугун, 18 февраль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманига келди.
Давлат раҳбари ўтган йили июнда вилоятда бўлганида Косонсой, Чортоқ, Янгиқўрғон туманларини боғдорчиликка ихтисослаштириш яхши самара беришини айтган эди. Жорий йил 11 январда эса “Наманган вилоятининг Косонсой, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларида мева-сабзавотчилик ва узумчиликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди.
Шунга мувофиқ, ушбу тоғли туманларда замонавий боғ ва токзорлар ташкил этилмоқда.
Улардан бири – Янгиқўрғондаги “Sura General Investments” масъулияти чекланган жамиятининг боғи. Бу ер илгари суғорилмас, шу сабабли ундан унумли фойдаланилмас эди. Бирлашган Араб Амирликларининг 3 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияси ҳисобига 103 гектар майдонда интенсив боғ барпо этилди.
Аввало, 250 метр чуқурликдан сув чиқарилди. Ҳовуз қазилиб, томчилатиб суғориш тизими ўрнатилди. Ўтган йили Италиядан кўчатлар олиб келиниб, 48 гектарга гилос, 26 гектарга ўрик, 22 гектарга шафтоли, 7 гектарга олхўри экилди.
Президент боғнинг иқтисодий самарадорлиги билан қизиқди. Бу ердаги меваларнинг ҳосилдорлиги оддий усулдагисига нисбатан 3 баробар юқори. Навлари ҳам бозорбоп. Томчилатиб суғориш тизими натижасида ҳар гектар ердан 2 баробар кўп сув иқтисод қилиш мумкин.
Дарахтлар келгуси йили ҳосилга киради. Боғнинг йиллик қуввати 5 минг тонна бўлади. 4 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган. Корхона яна минг гектарда боғ яратишни мақсад қилган.
Боғда 40 киши иш билан таъминланган. Қатор ораларида сабзавот етиштириш учун ишсиз ёшларга ер бўлиб берилган.
Давлат раҳбари шундай ёшлар билан суҳбатлашди.
“Сизларнинг ишли бўлганларингни, кайфиятларингни кўриб хурсандман. Йўлларингизни топиб, иш билан бўлиб, бирингизни икки қилиб, фарзандлар камолини кўриб яшасаларингиз - менинг энг катта мақсадим шу. Бунинг учун шу билан чегараланмай, кўпроқ билим олишингиз, янги марраларга интилишингиз керак”, деди Шавкат Мирзиёев.
Илгари наманганлик 160 минг киши хорижга иш излаб кетгани, бугун яратилаётган имкониятлар натижасида 100 минги мамлакатга қайтиб келгани таъкидланди.
“Ёшлар йўлини тасаввур қилолса, куч пайдо бўлади. Қийинчиликлардан, синовлардан хафа бўлмаслик керак. Ҳаёт мактабини ўтаган инсон дунёга бошқача қарайди. Ёшларнинг яхшисиям, ёмониям бизнинг фарзандларимиз. Сизларга ўхшаган интилувчан, эртанги кунига бефарқ бўлмаган, касб-ҳунарли ёшлар бошқа тенгдошларига ўрнак бўлиши керак”, деди Президент.
Давлат раҳбари интенсив боғнинг инвестори билан мулоқотда бўлди. Шу ерда Наманган вилоятида қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.