Президент минг долларлик жарима тўғрисидаги қонунни рад этди
Жамият
−
15 Август 2023
13923Президент Шавкат Мирзиёев дарахтларни ноқонуний кесганлик учун жазони кучайтиришга қаратилган қонунни рад этди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров маълум қилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг баҳорида Олий Мажлис Сенатининг муҳокамасига қўйилган, дарахтларни ноқонуний кесганлик учун жарима миқдорини 1000 долларгача оширишни кўзда тутувчи қонун Шавкат Мирзиёев томонидан рад этилган.
“Дарахтни ноқонуний кесганлик учун АҚШда 100 минг, Францияда 150 минг, Саудияда 8 миллион долларгача жарима белгиланган. Бизда бу ҳаракат учун 1000 долларгача жарима кўзда тутилган қонун президент томонидан рад этилди. Эътироз тўғри, қонунни қайта кўрамиз”, дейди Қодиров.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 май куни бўлиб ўтган Сенатнинг қирқинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонуни муҳокама қилинган эди.
Унда дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ёш ниҳолларни ноқонуний кесиш, илдизи билан суғуриб олиш, шикастлаш, нобуд қилиш ёки кўчириб ўтказиш учун фуқароларга БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (аввал 5 бараваридан 10 бараваригача эди), мансабдор шахслар учун эса 15 бараваридан 20 бараваригача (аввал 10 бараваридан 15 бараваригача эди) жарима белгиланиши кўзда тутилган эди.