Президент маҳаллий кенгашларнинг ролини оширишга қаратилган қонунни имзолади
Жамият
−
15 Сентябрь 2020
5935Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонуни имзоланди.
Қонун Қонунчилик палатаси томонидан жорий йилнинг 21 август куни қабул қилинган, Сенат томонидан 11 сентябрь куни маъқулланган.
Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги, 2004 йил 2 декабрда қабул қилинган “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги қонунларига ўзгартиришлар киритилди.
I. Қабул қилинган Қонуннинг амалиётдаги аҳамияти қуйидагилар билан изоҳланади:
• маҳаллий Кенгашларнинг ҳудудлар кесимида муҳим қарорлар қабул қилиш, маҳаллий давлат органлари фаолиятини назорат қилиш бўйича ролини янада оширишда уларни ташкилий, техникавий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминловчи бўлинмаларни ташкил этиш зарурати мавжуд эди;
• маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини таъминлашга кўмаклашувчи бўлинмалар мавжуд эмаслиги ҳокимликларнинг аппарати (Ташкилий-назорат гуруҳлари) томонидан ўзига хос бўлмаган функцияларнинг амалга оширилишига сабаб бўлмоқда;
• Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 августдаги ПФ–5515-сон Фармонига асосан халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туманлар Кенгашлари котибиятлари фаолияти бўйича йўлга қўйилган экспериментнинг муваффақиятли амалга оширилганлиги ҳудудларда ҳам шундай самарали тизимни жорий этиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Бугунги кунда Тошкент шаҳри ва унинг туманлари Кенгашларида тузилган котибиятлар Сенат ва тегишли маҳаллий Кенгашлар ўртасида “асосий кўприк” вазифасини бажариб, самарали фаолият юритиб келмоқда.
II. Қонуннинг асосий қоидалари қуйидагилардан иборат:
1) маҳаллий Кенгашлар фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш тегишли Котибият томонидан таъминланади;
2) Котибият юридик шахс ҳисобланади ва унинг фаолияти тегишли маҳаллий бюджетлар ҳисобидан молиялаштирилади;
3) Котибият тузилмаси, низоми, штатлари ва моддий-техника таъминоти, шунингдек уларнинг ишлаши учун зарур харажатлар тегишли маҳаллий Кенгашлар томонидан тасдиқланади;
4) Котибият ходимларининг меҳнатга оид муносабатлари маҳаллий Кенгашларнинг ваколат муддатига боғлиқ бўлмайди (бундан Котибият мудири мустасно);
5) Котибият мудири тегишли маҳаллий Кенгаш депутатлари орасидан маҳаллий Кенгаш томонидан унинг ваколат муддатига тайинланади;
6) Котибият Ўзбекистон Республикаси Давлат герби ва ўз номи туширилган муҳрига ҳамда бланкига эга бўлади;
7) Котибиятнинг намунавий низоми ва намунавий тузилмаси Олий Мажлис Сенати Кенгаши томонидан тасдиқланади.
Маълумот ўрнида, қонунни ишлаб чиқишда Грузия, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларининг маҳаллий вакиллик органлари бўйича тажрибаси ўрганилди.
III. Қабул қилинган Қонундан кутилаётган натижалар:
• маҳаллий давлат ҳокимияти тизимида ҳокимиятлар бўлиниши тамойилининг амалий рўёбга чиқарилишини таъминлаш учун дадил қадам ташланади;
• маҳаллий Кенгашлар аъзолари томонидан давлат бошқаруви органлари ҳудудий бошқармаларининг фаолияти, шунингдек Давлат дастурларининг ҳудудлар кесимида ижро этилиши устидан таъсирчан депутатлик назорати таъминланиши учун зарур шароитлар яратилади;
• маҳаллий ижро органи аппаратлари (Ташкилий-назорат гуруҳлари) маҳаллий вакиллик органларига ташкилий масалалар бўйича хизмат кўрсатиш каби ўзига хос бўлмаган вазифалардан соқит қилинади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь