Президент хориждан қайтаётган мигрантларни қурилишга жалб қилишни буюрди
Жамият
−
31 Март 2022
10269Маълумки, Украина ҳудудида Россия ва Украина ўртасида давом этаётган уруш энг аввало икки мамлакат, қолаверса, бутун дунёга таъсир кўрсатишни бошлади. Россия рублининг қадрсизланиши ва валюта айирбошлаш билан боғлиқ муаммолар Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини ҳам четлаб ўтгани йўқ. Айни вақтда улар ишлаб топаётган маошлар рублда тўланиши, рубль долларга айлантирилганда эса тақрибан аввалгига қараганда ярмига тўғри келиши кўпчилик мигрантларнинг иш жойини ташлаб, Ўзбекистонга қайтишига сабаб бўлмоқда.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев барча ҳокимларга қўшимча 100 минг аҳолининг расмий бандлигини таъминлаш чораларини кўриш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда Президент бугун, 31 март куни бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида гапирган.
Давлат раҳбари хориждан қайтган меҳнат мигрантларини қурилишларга жавлб қилишни буюрди.
Йиғилишда бугунги кунда 67 та фаолият тури ўзини ўзи банд қилиш шаклига ўтказилгани қайд этилган. Президент фаолият турларини яна 20 тага кўпайтириш ва бу орқали қўшимча 150 минг аҳоли бандлиги таъминлаш мумкинлигини кўрсатиб ўтди.
Вилоят ҳокимлари меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларни қурилишларга жалб қилиш, уларга зарур асбоб-ускуналар олиб бериш учун субсидия ажратиш ҳисобига қўшимча 100 минг аҳолининг расмий бандлигини таъминлаши кераклиги таъкидланди.
Бандликни таъминлаш учун янги механизмларни жорий этиш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.
Дунё бозорларидаги ҳолат, хом ашё, ёқилғи ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ўсиб бориши, қўшни давлатлардан пул ўтказмаларининг камайиши аҳоли даромадларига кўрсатиши мумкин бўлган таъсирни ҳисобга олиб ва инфляция ҳисоб-китобларидан келиб чиқиб, эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш кўламини янада кенгайтириш бўйича таклифлар киритиш вазифаси қўйилди.
LiveБарчаси