Президент Хивада йирик тадбирлар учун инфратузилма билан танишди
Жамият
−
17 август 768 3 дақиқа
Бугун, 17 август куни Президент Шавкат Мирзиёев Хива шаҳрида янги барпо этилган Конгресс-холл, уч юлдузли меҳмонхона ҳамда “Хива Ичан қалъа” қабуллар уйи фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Президент мутбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур объектлар давлат раҳбарининг 2026 йил 30 апрелдаги тегишли ҳужжати асосида барпо этилган. Уларнинг ишга туширилиши натижасида қарийб 2 мингта янги иш ўрни яратиш, йилига 50 минг нафар сайёҳга меҳмонхона хизмати кўрсатиш ва хизматлар экспортини 4 миллион долларга етказиш мақсад қилинган.



Замонавий премиум услуб ва Хоразм миллий меъморчилиги элементлари уйғунлигида қурилган Конгресс-холл халқаро анжуманлар, бизнес-конференциялар, ҳукуматлараро музокаралар ва маданий форумларни ўтказиш учун мўлжалланган.

Умумий майдони 1,9 гектар бўлган мажмуани барпо этиш учун 857 миллиард сўм бюджет маблағлари йўналтирилган. Атрофида кенг яшил ҳудудлар ва хиёбонлар ташкил этилиб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ободонлаштириш ишлари амалга оширилган.

Конгресс-холлга туташ ҳудудда халқаро анжуманлар иштирокчилари ва сайёҳларга қулай шароит яратиш мақсадида уч юлдузли меҳмонхона ҳам қурилган. Қиймати 169 миллиард сўм, умумий майдони 1,6 гектар бўлган лойиҳа доирасида 60 та янги иш ўрни яратилган.

Тўрт қаватли меҳмонхонада 310 ўринга мўлжалланган 156 та хона, кенг вестибюль, ресепшн, ресторан-бар, болалар хонаси ва терраса мавжуд. Шунингдек, ёпиқ бассейн, фитнес ва веллнесс ҳудудларидан иборат соғломлаштириш зонаси ташкил этилган.

Меҳмонхонадан Конгресс-холл биносига, “Боқий шаҳар” тарихий-этнографик боғи ва ҳунармандлар расталарига яшил сайр йўлаклари орқали бир неча дақиқада пиёда етиб бориш мумкин.

Давлат раҳбари “Хива Ичан қалъа” қабуллар уйини ҳам кўздан кечирган. Умумий майдони 2 гектар бўлган мазкур мажмуа расмий тадбирлар ўтказиш ва хорижий делегацияларни қабул қилишга мўлжалланган. Лойиҳа қиймати 260 миллиард сўмни ташкил этади.

Бино меъморчилигида Хоразмга хос маҳобатли ёғоч ўймакорлиги устунлари, ганчкорлик санъати, кўк ва фируза рангли кошинлардан кенг фойдаланилган. Қабуллар уйи атрофида воҳанинг бой тарихини акс эттирувчи фотокўргазмалар ва миллий ҳунармандчилик устахоналари фаолияти йўлга қўйилган.

Шу ернинг ўзида давлат раҳбари Хоразм вилояти жамоатчилиги вакиллари билан самимий мулоқот қилган. Суҳбатда кейинги йилларда воҳада рўй бераётган улкан ўзгаришлар, одамларнинг турмуш тарзи ва тафаккуридаги янгиланишлар ҳақида сўз борган. Қадимий Хоразм заминида Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлик, тараққиёт ва янгиланиш руҳи тобора яққол намоён бўлаётгани таъкидланган. Вилоятнинг бой тарихи ва анъаналарини асраб-авайлаган ҳолда уни замонавий, обод ва фаровон ҳудудга айлантириш йўлидаги ишлар изчил давом эттирилиши қайд этилган.

Президент ушбу мажмуалардан самарали фойдаланиш, Хивада йирик халқаро тадбирларни кўпайтириш, сайёҳларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш ва янги иш ўринлари яратиш бўйича кўрсатмалар берган.
Live
БарчасиҚобулда мактаб портлатилди
17 август