Президент қўлига ўтган спорт
Спорт
−
26 Ноябрь
3107Президент Миллий Олимпия тизимини тўлиқ назоратга олди. 25 ноябрь куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг 41-Бош ассамблеяси бўлиб ўтди ва унда ташкилий масала кўриб чиқилди. Миллий олимпия қўмитаси раиси лавозимига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номзоди илгари сурилди ва бир овоздан сайланди.
2019-2022 йилларда Рустам Шоабдураҳмонов раҳбарлигидан кейин ҳозиргача расмий раҳбари бўлмаган Миллий Олимпия қўмитасининг раислигини энди шахсан ҳужжатда ҳам, амалда ҳам Шавкат Мирзиёев ўз қўлига олди.
Мирзиёевнинг кенжа куёви, Президент Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари ва Осиё Олимпия Кенгаши вице-президенти Отабек Умаров ташкилотда Президентнинг биринчи ўринбосари сифатида фаолият олиб борадиган бўлди.
Юқорида айтилган лавозимлардан ташқари, Ўзбекистон триатлон раиси, Ўзбекистон ММА ассоциацияси асосчиси ва Марказий ММА конфедерацияси раиси ҳисобланган Умаров Ўзбекистон учун тарихдаги энг яхши Олимпиада бўлган Париж-2024 ёзги ўйинларида рафиқаси Президент Шавкат Мирзиёевнинг кенжа қизи, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари ва Миллий паралимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Шавкатовна Мирзиёева билан спортчиларни қўллаб-қувватлаб турди.
МОҚ раисининг биринчи ўринбосари сифатида сайланган Умаровнинг Президент Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосарлигидан кетганми-йўқми, бу маълумот ҳозирча очиқланмай қолмоқда.
Шу вақтгача, Миллий Олимпия қўмитаси раиси ўринбосари, Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси раиси бўлиб ишлаб келган Шерзод Тошматов эса ўз лавозимида фаолият юритишда давом этади.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Президент Администрацияси департаменти раҳбари Одил Абдураҳмонов, Спорт вазири Адҳам Икрамов, Бош ассамблея аъзолари, шунингдек, федерация ва ассоциацияларнинг масъуллари ҳам қатнашди.
Тадбирда сўз олган Бош вазир Абдулла Арипов қўлга киритилган ютуқлар ҳақида тўхталар экан, тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар, кутилган натижани қайд этмаган федерациялар хусусида танқидий фикр билдирди.
Президент Шавкат Мирзиёев бу лавозимга ўз-ўзидан сайлангани йўқ. Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўриш лозимлиги, Ўзбекистоннинг кўп минг сонли олимпия оиласи, спортчи ва мураббийларнинг илтимосига биноан давлат раҳбари МОҚ раҳбарлигига сайланган.
Албатта, амалини олган янги раҳбарият олдига анча вазифалар қўйилган. Аввало 2028 йил АҚШда ўтказиладиган Олимпиада ўйинларига спортчиларнинг пухта тайёргарлик кўришини таъминлаш ва ташкилот уставига мувофиқ Олимпия ҳаракатини ривожлантириш, олимпизм ғояларини кенг тарғиб этиш, Республика аҳолисини жисмоний ва маънавий тарбиялашга, жисмоний тарбия ва спорт, айниқса, миллий спорт турлари, ногиронлар ўртасида спортни ривожлантиришга ҳар тарафлама кўмаклашиш ва бошқа бир қатор вазифалар бор.
Тез орада миллий федерациялар ва уларнинг ўринбосарлари ҳам маълум бўлади.
LiveБарчаси
26 Ноябрь