Президент қашқадарёлик тадбиркорлар, ёзувчи ва китобхон оилани мукофотлади
Жамият
−
11:31 1131 2 дақиқа
Бугун, 22 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев 2 нафар қашқадарёлик тадбиркорга унвон берди, шунингдек, ёзувчи Жавлон Жовлиев ва “Ёш китобхон оила” республика танлови ғолиблари Бахтишод Рашидов ва Эъзоза Хушвақтовага Тошкентдан уй совға қилди. Бу ҳақда Президент иштирокидаги Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга бағишланган йиғилишда маълум қилинди.
Қайд этилишича, давлат раҳбари “Султонтекс” кластери раҳбари Нурбек Эргашевнинг энергия ва сувни тежайдиган замонавий корхонаси фаолияти билан танишганини айтган. Тадбиркорнинг 2028 йилгача яна 30 минг кишини иш билан таъминлаш, айниқса, аёллар учун кўпроқ имконият яратиш режалари қўллаб-қувватланган.
Президент Нурбек Эргашевга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор” фахрий унвонини бериш тўғрисидаги фармонга имзо қўйганини билдирган.
Қамаши туманидаги Чим маҳалласида сулолавий лимончилик мактабини яратиб, аҳоли даромадини оширишга ҳисса қўшаётган Абдуманноп Худойбердиевга ҳам “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” унвони берилади.
Қашқадарёда маърифатни тарғиб этаётган “Мутолаа” лойиҳасининг бош муҳаррири Жавлон Жовлиевнинг меҳнати ҳам эътироф этилган. Унга, шунингдек, “Ёш китобхон оила” республика танлови ғолиблари Бахтишод Рашидов ва Эъзоза Хушвақтовага Тошкент шаҳридан икки хонали янги хонадонлар совға қилиниши айтилган.
Давлат раҳбари мазкур мукофотларни шу ернинг ўзида топширишни таклиф этган.
Live
Барчаси21 Октябрь