Президент қарори билан янги АЖ ташкил этилди
Жамият
−
25 Апрель 2021
15495Ўзбекистон Президентининг “Геология соҳасига инвестицияларни фаол жалб этиш, тармоқ корхоналарини трансформация қилиш ва республика минерал-хомашё базасини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Қарорга кўра, геология-қидирув ишлари бўйича хизмат кўрсатувчи алоҳида юридик шахс мақомига эга бўлган, “Қизилқумгеология” АЖ, “Самарқандгеология” АЖ, “Сурхонгеология” АЖ, “Ҳисоргеология” АЖ, “Тошкентгеология” АЖ, “Марказий лаборатория” ДУК ва “Геобуртехника” ДУКларни бирлаштириш йўли билан улар негизида “Ўзбек геология қидирув” АЖ ташкил этилди.
Ҳудудларда геология-қидирув ишларини жадал амалга ошириш орқали республика минерал-хомашё базаси ривожлантирилишини таъминлаш Акциядорлик жамиятининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Қарор билан “Давлат геология қўмитаси тизимида фаолият юритаётган корхоналарни ислоҳ қилиш, соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва рақамлаштиришни кенг жорий қилиш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.
“Йўл харитаси”да, жумладан, қуйидагилар назарда тутилган:
• жорий йилда 50 та кон ва истиқболли майдонларни маҳаллий ва хорижий инвесторларга очиқ ва шаффоф механизмлар асосида фойдаланишга бериш;
• “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги Қонунни янги таҳрирда ишлаб чиқиш;
• геология соҳасида олиб борилаётган 57 та илмий тадқиқот (тажриба-услубий, фундаментал, амалий ва инновацион) лойиҳаларини амалга ошириш.
Қарорга кўра, давлат геология қўмитасининг янги ташкилий тузилмаси тасдиқланди.
2022 йилдан бошлаб ер қаъридан фойдаланувчилар ҳар йили 1 февралга қадар геология қидирув ишлари ва фойдали қазилма захираларини кўпайтиришнинг ўтган йилда эришилган натижалари ҳамда жорий йилга режалаштирилган ҳажми бўйича тегишли маълумотларни Давлат геология қўмитасига тақдим этилиши талаб этилади.
Шунингдек, қарорга кўра:
• геологик жиҳатдан кам ўрганилган ер қаъри участкаларини халқаро стандартлар асосида блоклар (майдонлар)га ажратиш тизими жорий этилади;
• кам ўрганилган ер қаъри участкаларидан геологик жиҳатдан ўрганиш учун фойдаланиш ҳуқуқини берадиган рухсатномалар “биринчи келган биринчи олади” принципи асосида Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали онлайн тарзда берилади;
• ўрганилганлик даражаси ва кон очиш салоҳияти юқори бўлган майдонлардан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган рухсатномалар “E-AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида ўтказиладиган аукцион натижаларига кўра берилади.